2022 йилнинг ўзида Тошкент, Фарғона, Бухоро ва Хоразмдаги катта стадионлар қайта фойдаланишга топширилди. Прожектор билан боғлиқ муаммолар туфайли икки клубнинг ўз аренасида ўйнашига рухсат берилмади.
Кубок финали ҳақида жамоатчилик фикри илиқ бўлди. «Бухоро» аренасига 2022 йилги финал иштирокчилари етиб келгач, расмий машғулотда иштирок этди. Ҳар икки томон расмийлари, футболчилар майдонга нисбатан бирор эътироз билдиришмади. Бу эса финални кўтаринки кайфиятда ўтказишга ёрдам берди. Бугун мазкур арена майсасини талаб даражасига келтирган мутахассис Учқун Қувонов фикрлари билан қизиқиб кўришни лозим топдик. Мутахассис 2015 йилдан шу соҳада фаолият олиб бормоқда. У ўтган давр мобайнида Қарши, Наманган, Бухоро ва Фарғонадаги марказий стадионлар майдонлари, шунингдек, «Жар» аренаси чимини талаб даражасига келтирди. Айни вақт мутахассис «Бунёдкор» майсасини яхшилаш ишларини амалга оширмоқда. «Футбол майдонлари билан ишлаш жуда нозик масала. Чунки бунда тупроқдан тортиб, иқлим шароитига қадар ўрганиш, футболнинг ич-ичига кириб бориш, уни ҳис қилиш талаб этилади. Табиатнинг қатор инжиқликлари, парвариш билан шуғулланувчи мутахассисларнинг майда хатолари ҳам катта ишни барбод қилиши мумкин. Қаршидаги майдонни фойдаланишга топшириш асносида бундай муаммоларнинг барчасига дуч келдик. Қаршида ёз жуда иссиқ, ҳудуд чўл билан ўралган, тоза ичимлик сувига боғлиқ муаммолар бор эди, — дея гап бошлади Учқун Қувонов. - Шундан кейин Европа ва Осиёдаги стадионларни яқиндан ўрганишни бошладик. Сўнгги 4 йил ичида Туркиянинг «Бешиктош», «Галатасарой», «Фенербахче» клублари уй ареналаримни ипидан игнасигача қараб чиқдик. Кейин Россияда «Лужники», «Ахмат Арена», «Краснодар» каби стадионларда бўлиб, мутахассислар билан фикр алмашдик. БАА сафари давомида Отабек Шукуров тўп сурган «Шаржа» клуби стадионида бўлдик, ўзимизни қийнаётган қатор саволларга жавоб олдик. Булар қаторига Саудиядаги 4та стадион, Грузиянинг Батуми шаҳридаги катта арена ва Мюнхендаги машҳур стадионни қўшиш мумкин. Уларнинг ҳаммасидан нимадир олдик, изландик. Бу билан 4 хил иқлим шароитида майсани қандай парваришлаш мумкинлигини ўргандик».
Мутахассис фикрига кўра, агар стадионда дренаж тизими ҳамда пойдевор яхши бўлса, камида 20 йил ва ҳатто кўпроқ вақт давомида нормал ҳолатда ишлаб бериши мумкин. Агар майса парваришига жиддий эътибор билан ёндашилса, йил давомида тўлиқ назорат қилинса, витаминлар билан озиқлантирилса, бундай майдон 100 йил давомида ҳам яшнаб туради. Бироқ афсуски, айрим клублар, стадионлар раҳбарларида бундай тушунчанинг ўзи йўқ. Улар майдон ҳолатини табиатнинг ўзига ташлаб қўйишган. Бундай аҳволда эса майдонни сифатли ушлаш қийин. «Бизни Бухорога таклиф қилишди ва аввалги ишларни кўздан кечирдик, камчиликларни аниқладик, вилоят раҳбариятига барчасини тушунтирдик. Бу ПФЛ талаби эди. 8 ой давомида Бухорога ўз техникамиз, мутахассисларимизни киритиб, жиддий иш олиб бордик. Апрель ойида ПФЛ раҳбарининг ўзи Бухорода бўлди, барча масала қайта ўрганилди ва стадион футбол учун қайта очиладиган бўлди, — дейди мутахассис. - Қоидага кўра, стадион раҳбарияти майдонни қабул қилиб олгач, унда 1та расмий учрашув ўтказилади ва майдон сифати борасида ҳеч қандай эътироз тушмаса, ишни топширамиз. Бироқ Бухорода ҳаво жуда иссиқ. Қаршида бундай муаммоларга дуч келганимиз учун ишдан қочмадик ва раҳбарият илтимосига кўра, бутун ёз давомида майдон парвариши билан шуғулландик. Унинг ҳолати талаб этилган даражада сақланиб турди. Шундан кейин ПФЛ илтимоси билан финал ўйинига қадар майдондан техника ва мутахассисларни олиб чиқмадик. Финал ҳам кўтаринки руҳда ўтди ва Бухорода қиладиган ишимиз қолмади. Бироқ муаммо энди бошланиши мумкин. Чунки стадионнинг ўзи парвариш қилишга тайёр бўлмаслиги мумкин. Одатда ҳар қандай компания майдонда иш бошлагач, унга маҳаллий мутахассислар бириктирилиши, иш ойлаб ўрганилиши керак. Чунки компания ўз ишини якунлагач, қолганини маҳаллий мутахассислар давом эттиришади. Майдон майсаси - нозик ва инжиқ. У тун-у кун эътибор талаб қилади. Агар озуқани меъёридан кўп ёки кам берсангиз, сувни нотўғри тақсимласангиз, майдон 3 кундаёқ ҳолатини ўзгартириши мумкин. Қолаверса, майдон кейинчалик ҳам яхши ҳолатда сақланиши учун зарур техника воситалари керак. Афсуски, Бухорода бундай техника йўқ. Менга маълум бўлишича, ПФЛ раҳбари Бухоро вилояти ҳокими ва БНҚИЗ раҳбари билан учрашувда бу масалани кўтарган ва қишга қадар техника сотиб олишга ваъда берилган. Агар шундай қилинмаса, майдон келаси мавсум ПФЛ қўяётган талаб даражасидан чиқиши мумкин».
ПФЛ майдон техникаси масаласида ҳам 2 йилдан буён бош қотиради. Бундай техника бугунга келиб, қатор стадионларда мавжуд эмас. Андижон, Бекобод, Самарқанд, Жиззах, Сурхондарё майдонларини ўрганиш жараёнида ҳам техника талаби қўйилган. Мазкур талаб 2023 йилги мавсум олдидан клублар сметасидан ўрин олиши кўзда тутилган. Афсуски, халқаро ўйинлардан кейин «Насаф», «Пахтакор», «Локомотив» каби стадионлар майсасида толиқиш бор. Эндиликда мазкур ареналар майсаси масаласида жиддий бош қотирилмоқда. Яна АГМК майсани алмаштириш лозим, Намангандаги стадионда эса янги мутахассислар айрим камчиликларга йўл қўйиб, сал қолса, майдон ҳолатини бузиб қўйишлари мумкин эди. Жиззахдаги арена майсаси 2023 йил учун қабул қилинмайди. Муаммоларни тўлиқ ҳал қилиш учун эса вақт керак. «ПФЛ раҳбари билан 2017 йили танишгандик. У майдон масаласида суҳбатлашиш учун Қаршига келди. Ўтган вақт давомида ҳамкорликда ишлаб келдик. Сўнгги 5 йил билан солиштирилса, майдонлар кескин яхшиланди. ПФЛ вилоятлар раҳбарларининг стадионларга муносабатини ўзгартириш учун тинимсиз ҳаракат қилаётганидан хурсандман. Албатта, бирданига катта талаблар қўйиб бўлмайди. Йўқса, Ўзбекистонда 4-5та стадиондан бошқаси қолмайди. Ҳаммаси босқичма-босқич кетяпти. Агар клублар ўз чиқимлари қаторига майса парваришини ҳам қўшишни одатга айлантирса, ҳаммаси янада яхшироқ бўлади. ПФЛ ҳозир шунинг ҳаракатида. Зеро, сифатли футбол учун биринчи навбатда, сифатли майдон керак».
Мутахассис республикадаги бошқа майдонлар ҳақида ҳам фикр билдирди: «Пахтакор» узоқ вақт давомида майдонга жиддий эътибор берди ва ҳамкасбларимиз у ерда катта ҳажмда иш бажаришди. «Локомотив» ҳам тажрибали мутахассислар билан ишлаган, унинг майдони узоқ йиллар яхши ҳолатда турди. «Турон» клубини шундайлар қаторига киритиш мумкин. Раҳбарият ҳеч нарсани аямади, изланиб-ўрганиб, Яйпанда ажойиб майдон барпо қилди. Агар қолган клублар ёки вилоятлар раҳбарияти ҳам бир йилда битта майдон учун камида 500-600 миллион сўм ҳаражат қилиш шартлигини онгли равишда тушунса, бизда яхши ҳолатдагилари кўпаяди. Қайтараман, сўнгги 2 йилда майдонлар масаласида яхши ўзгаришлар бор. Бироқ тўхтаб қолмаслик керак. Чунки кимларнингдир умуман ишламаслиги оқибатида АГМК, «Турон», «ЖАР», «Локомотив», «Пахтакор» каби клублар тўп сурадиган майдонларга жуда катта зўриқиш тўғри келяпти. Бир жойни тўғирласанг-у, бошқаси уни барбод қилиб турса, бу адолатдан эмас», — дейди Учқун Қувонов.
ПФЛ келаси йилдан бу каби мавзуларда қатор ишларни амалга оширади ва агрономлар билан бошқа суҳбатларни ҳам ҳавола қилади.
Ҳозирча эса футбол мухлислари бирор хулосага келишлари учун юқоридагиларни баён қилишни лозим топдик.
Манба: pfl.uz