Айтиш ўринли, бу Осиё бўйича энг юқори кўрсаткич ҳисобланади. Лига матбуот хизматида кейинчалик ОФК лицензиялаш жараёнига боғлиқ яна бир қатор жиҳатларга алоҳида тўзталди.
3та дивизион клубларидан ариза
Ўзбекистон ОФК лицензиялаш жараёнига 3та дивизион клубларини жалб қилди ва бу борада Япониядан кейин иккинчи мамлакатга айланди. Биринчи лиганинг 3та клуби лицензия учун ҳаракат қилиб кўрди, бироқ якунда ололмади:
«Зомин»
«Янгиер»
«Дўстлик»
Маълумот учун, 2020 йили Про лига клублари лицензиялашга жалб қилинган эди. Орадан 3 йил ўтиб, Биринчи лига учун ҳам йўл очилди.
Про лиганинг 3та клуби нега лицензиялашда иштирок этмади?
ОФК лицензиясини қўлга киритиш учун 25та клуб даъвогарлик қилди. Улар орасида Про лиганинг 3та клуби йўқ:
«Арал»
«Юниред»
«Навбаҳор-фарм»
«Арал» ва «Юниред» ташкил топганига ҳали 2 йил тўлмади. Шундан келиб чиқиб, бу клублар фақат келаси мавсумдан лицензия даъвогарига айланиши мумкин. «Навбаҳор-фарм» эса профессионал клуб қошидаги жамоа. Шундан келиб чиқиб, фақат «Навбаҳор» лицензия учун ҳаракат қилди ва уни қўлга киритди.
ОФК лицензияси нима учун керак?
ОЧЛда иштирок этадиган 4та клубимиз учун лицензия жуда муҳим эди. Акс ҳолда, улар август ойи старт оладиган қитъанинг энг нуфузли клублар мусобақасига қўйилмасди. Якунда «Пахтакор» ва «Насаф» ҳам, «Навбаҳор» ва ОКМК ҳам лицензияга эга чиқди. Эслатиш ўринли, Эроннинг икки йирик клуби «Истиқлол» ва «Персеполис» 2022 йилги мавсум лицензияни қўлга киритолмагач, ОЧЛда иштирок этишдан мосуво бўлганди.
Нима учун 25та клуб лицензиялашга жалб қилинди?
Аслида фақат халқаро майдонда ўйнайдиган клублар билан чекланиш мумкин. Бироқ 2020 йили миллий лицензиялаш талаблари ОФКники талабларига мослаб чиқилди. ПФЛ шу йўл орқали клублар инфратузилмаси ва ташкилий шаклини босқичма-босқич ОФК талабларига мослаштирди. Бу ўз навбатида Суперлига ва Про лиганинг етакчи клубларига лицензиялаш жараёнидан осон ўтиш имкониятини тақдим этди. Чунки Лига йил давомида клубларни мазкур жараёнга тайёрлаб келади. Вақтида «Насаф» каби етакчи клубларимиз ҳам кетма-кет 2 йил ОФК лицнзиялаш талабларини бажаролмаган бўлса, бугунга келиб, бу борада муаммо йўқ. Лига ва профессионал клублар бир ёқадан бош чиқариб, муаммоларни енгиб ўтяпти. Бунда Лига фақатгина катта клублар билангина чекланиб қолмайди. Суперлига ва Про лига вакиллари сонини босқичма-босқич ошириб бориш учун лицензиялаш талабларига жавоб бера оладиган клублар керак. Даъвогарлар сони ва лицензия олган клублар сонининг ортиб бориши, уларнинг бир неча йиллар давомида барқарор фаолият юритиши ички чемпионатда рақобат муҳитини янада оширади. Маълумот учун, 2020 йилдан лицензия учун даъвогарлар сони ошиб борди: 14та, 22та, 25та. Лицензия олган клублар сонида ҳам ўсиш бор: 7та, 12та, 17та.
Япония ва Жанубий Кореяда кўрсаткич нима учун пастроқ?
Аслида бу икки мамлакат футбол клублари лицензиялаш жараёнида Осиё етакчилари ҳисобланади. Бир йил аввал Япониянинг 54та, Жанубий Кореянинг эса 18та клуби лицензияга эга чиққанди. Ўзбекистон эса 12та клуб билан улардан кейинги ўринни эгаллади. Бир қарашда, жорий мавсум ҳам улар буни такрорлаши мумкин эди. Бироқ Япония ҳам, Жанубий Корея ҳам лицензиялашга асосан ОЧЛда иштирок этадиган клубларнигина жалб қилди. Япония ва Жанубий Кореяда мавсум Ўзбекистондаги каби «Баҳор-куз» тизимида ўтказилади. ОФК мавсумий тақвимини айнан шу йилдан ўзгартираётганидан келиб чиқиб, қитъанинг икки етакчи мамлакати шундай йўл тутди. Аслини олганда эса, улар ўз клубларига қўядиган талаб ОФКникидан кучлироқ ҳам ҳисобланади.
8та даъвогар клуб нега лицензия ололмади?
ОФК лицензияси учун 25та клуб ҳаракат қилди ва 8таси муваффақиятсизликка учради. Нега?
«Сурхон». Суперлига клублари орасидан фақат «Сурхон» лицензия ололмади ва лигадаги ўрнини хавф остида қолдирди. Зеро, жамоа собиқ футболчи ва мураббийлар олдидаги қарздорликни тўлиқ бартараф этгани йўқ. Янги инвесторлар клубни молиялаштириш ҳамда «Сурхон Арена»ни таъмирлаш ишларини олиб бораётган бўлсалар-да, Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ўз чекига тушган эски қарздорликни бартараф этиш вазифасини шу йил 31 мартгача ҳал қилолмади. Шунингдек, «Сурхон Арена» прожекторлари белгиланган вақт ичида ОФК талабларига мослаштирилмади. Айнан шу сабаб Лига кетма-кет 2-мавсум «Сурхон»га ўз аренасида ўйнаш учун рухсат бермайди. Маълумот учун, «Сурхон Арена» прожекторлари 17 июнгача талабга мослаштирилди ва айни вақт Лига мутахассиси буни кўздан кечириш учун Термизда бўлиб турибди.
«Қўқон-1912». Клубда ёшлар билан ишлаш тизими раҳбарида «А» лицензияси мавжуд эмас. Маълумот учун, айни вақт клубни бошқариб келаётган мутахассисда ҳамPro лицензияси йўқ.
«Хоразм». Бош мураббийда Pro, ёрдамчи мураббийда «А» лицензияси йўқ.
«Ғиждувон». Бош мураббий Pro, техник директор «А» лицензиясига эга эмас.
«Андижон-SGS». Бош мураббийда Pro лицензияси йўқ.
«Дўстлик». Бош мураббий Pro, техник директор «А» лицензиясига эга эмас. Шунингдек, клубда жисмоний тайёргарлик бўйича мураббий фаолият олиб бормайди.
«Зомин». Бош мураббийда Pro, техник директорда «А» лицензияси йўқ. Стадион прожекторлари ҳам ОФК талаби даражасида эмас.
«Янгиер». Ёшлар тизими билан ишлаш дастури йўқ. Стадион прожектори йўқ. Бош мураббий Pro, техник директор «А» лицензиясига эга эмас. Аудиторлик ҳисоботи тақдим этилмаган.
«Сурхон»дан бошқа клубларда қарздорлик йўқми?
Бор. Ойлик маошларда кечикиш бўлиб туриши табиий. Лига лицензиялаш жараёни бошлангунга қадар бу каби ҳисоботларни тўплаб боради. Вазият кескинлашаётган клублар иши ЎФА тегишли қўмитасига оширилади. Бу каби ҳолатларда қўмита айрим клублар учун трансферлар ойнасига нисбатан чеклов киритиши мумкин. Бироқ ОФК лицензиясидан тушиб қолиш учун қарздорлик цикл аввалидан қолиб келаётган бўлиши керак. Мисол учун, айни вақт ўз ишчи ходимларидан қарздор клублар ёзги трансферлар ойнасидаги ҳаракатлари учун июль ойига қадар масалани ёпишга ҳаракат қилади. Шунингдек, лицензиялашда муваффақиятли иштирок этиш учун эндиликда 31 декабрга қадар юзага келган қарздорлик 31 мартга қадар тўлиқ бартараф этилиши лозим. Ундан кейин юзага чиққан қарздорлик кейинги лицензиялаш циклига тааллуқли бўлади. «Сурхон»да эса қарздорлик икки циклдан буён қолиб келмоқда. Бу эса ОФК лицензиялаш талабларига зиддир. Шундан келиб чиқиб, фақат «Сурхон» рўйхатдан тушиб қолди. Қолган клублардаги қарздорлик масаласи эса Лига ҳамда ассоциация томонидан ҳисобда ушлаб турилибди.
Манба: ПФЛ матбуот хизмати