Search

Шов-шув – ЖЧ-2034га Ўзбекистон/Қозоғистон қўшма «заявка»си...

  • Share this:
post-title

Ассоциациялар ўртасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокамасига бағишланган учрашувда ЎФА биринчи вице-президенти Равшан Эрматов ҳам иштирок этди.

САММИТ БАЁНИ 

ЎФА матбуот хизмати хабарида айтилишича, саммит иштирокчилари очиқ ва конструктив руҳда ўтган учрашувда ҳар бир ассоциация ривожланишининг асосий омиллари сифатида инфратузилмани яхшилаш, кадрлар салоҳиятини ошириш ва соҳани етарли маблағ билан таъминлаш масалаларини тилга олишди. Шунингдек, ассоциацияларнинг муваффақиятлари минтақа футболи учун муҳим аҳамиятга эгалиги қайд этилди. Бундан ташқари, футболчилар ва ҳакамлар йиғинлари учун зарур инфратузилма яратиш бўйича манфаатли лойиҳаларни бирга амалга ошириш юзасидан фикр алмашилди. Йиғилиш қатнашчилари шунинг баробарида халқаро турнирлар, жумладан, турли ёш тоифасидаги жаҳон чемпионатларини бирга ташкил этиш имкониятини ҳам кўриб чиқдилар. «Мухлисларимиз минтақавий мусобақалар ва дербиларни қанчалик соғинишганини 32 йилда биринчи марта йўлга қўйилган CAFA Nation~s Cup турнири кўрсатиб берди. Биргаликда ташаббус кўрсатган ҳолда минтақа футболини ривожлантиришимиз, халқларимиз ўртасида футбол анъаналарини янада мустаҳкамлашимиз мумкин. Қозоғистон вакиллари УЕФА тажрибаси, биз эса ўз навбатида ОФК билан ҳамкорликдан унумли фойдаланиб, барча йўналишлар бўйича ривожланиш лойиҳаларини амалга ошира оламиз», - деди Равшан Эрматов.

Йиғилиш якуни бўйича ўзаро ҳамкорлик баённомасини тузиш ва имзолаш, унинг асосида махсус ишчи-гуруҳ шакллантириш, ке­йинчалик мамлакатларда футболни ривожлантириш динамикасини яхшилаш бўйича иш олиб боришга келишиб олинди. Умуман, ҳар бир миллий ассоциация вакиллари ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишга тайёр эканликларини билдиришди.

САММИТДАН КЕЙИНГИ КУЧЛИ САДО!

Кейинчалик маълум бўлишича, Қозоғистон футбол федерацияси раҳбари Адилет Барменқулов саммитда Ўзбекистон билан бирга ЖЧ-2034 мезбонлик ҳуқуқи учун «заявка» бериш режасини ўртага ташлаган. Сўнгги йилларда икки федерация ўртасидаги дўстона алоқалар юқори босқичга кўтарилгани - айни ҳақиқат. Буни терма жамоалар ва клублар ўртасида ўртоқлик ўйинлари ташкил этилаётганида ҳам кўриш мумкин. Тўғри, ЖЧ-2034га даъвогарлик қилиш масаласида бирор расмий хабар йўқ. Дейлик, шов-шувли садодан сўнг Қозоғистон Маданият ва спорт вазирлиги мамлакатда жаҳон чемпионатига «заявка» топшириш масаласи кўриб чиқилмаётгани ҳақида баёнот берди. Лекин қарама-қарши хабарлар оқими ҳам йўқ эмас. Айрим манбаларда ёзилишича, бу ғоя ФИФА президенти Жанни Инфантинонинг Қозоғистонга расмий ташрифидаёқ ўртага ташланган. Таъкидланишича, бу жаҳон футболи раҳбарини қизиқтириб қўйган ва у ғояни қўллаб-қувватлаган. ЎФА эса ҳозирча ушбу шов-шувли хабарга муносабат билдиргани йўқ.

Муносабат

Машҳур футбол эксперти ва мутахассиси Алишер Никимбаев championat.аsia сайти журналисти Николай Егоричев илтимоси билан Қозоғистон ва Ўзбекистоннинг ЖЧ-2034 мезбонлик ҳуқуқи учун курашиши мумкинлиги юзасидан фикр билдирди: «Хабарга шахсий муносабатим оддий: бу нореал. Сау­дия Арабистони ЖЧ-2030ни қабул қилиш фикридан қайтган паллада Қозоғис­тон ва Ўзбекистон 2034 йилги мундиал мезбонлиги ҳақида ўйламаса ҳам бўлади. Мундиални ташкиллаш учун камида 15-16та стадион керак (худди ЖЧ-2026 мезбонлари - АҚШ, Канада ва Мексикада бўлгани каби). Айни пайт эса бундай стадионлар умуман йўқ. Яъни 10 йил ичида 5 миллиард доллар эвазига 15-16та стадион қуриш керак. Таққослаш учун, Қатар 10 йилда 7та стадион қурди. Аэропортлар, меҳмонхоналар, машғулотлар базалари ва бошқа объектлар ҳақида гапираётганим ҳам йўқ. Фақат стадионлар учун 5 миллиард доллар - бу жиддий иқтисодий харажат. Ўйлашимча, ЖЧга камида 25-30 миллиард доллар кетади. Дейлик, Лос-Анжелесдаги SoFi стадионининг ўзи 6 миллиард доллар туради, шунга қарамай, у ЖЧ финалини қабул қилолмайди. Хўш, мезбонликка курашиш эҳтимоли қанча? Ўйлашимча, бу риторик савол», - деди Алишер Никимбаев.

 

Bahrom Parpiyev

Bahrom Parpiyev

Lorem ipsum dolor sit amet, consectetur adipisicing elit. Animi autem blanditiis deleniti inventore porro quidem rem suscipit voluptatibus! Aut illum libero, praesentium quis quod rerum sint? Ducimus iure nulla totam!