Якунланиб бораётган 2023-йил давомида Ўзбекистон оғир атлетика федерациясида мураббий маслаҳатчиси лавозимида фаолият юритган Саид Азиз Алиҳусайни кеча терма жамоадаги сўнгги машғулотини ўтказди.
Машғулотга ташриф буюрган Ёшлар сиёсати ва спорт вазири ўринбосари, Ўзбекистон оғир атлетика федерацияси раиси Шахрилло Маҳмудов эронлик мутахассиснинг мураббийлик маҳорати, билими ва спортдаги тажрибасини яна бир бор эътироф этган ҳолда ўзаро самарали фаолият ва ҳамкорлик учун миннатдорлик билдирди ҳамда унинг келгуси ишларига муваффақият тилади.
Таъкидлаш керакки, Саид Азиз Алиҳусайни ушбу қисқа муддатли меҳнат фаолияти давомида ўз тажрибаларини ишга солган ҳолда турли халқаро мусобақаларда фаол иштирок этган Ўзбекистон оғир атлетикачиларини тайёрлаш ва назорат қилишда салмоқли ютуқларга эришиб, Париж-2024 Олимпия ўйинларига лицензияси учун муҳим рейтинг очколари қўлга киритилишига ҳисса қўшди.
"Афсуски, Ўзбекистон Оғир атлетика федерациясининг шартномани узайтириш таклифига қарамай, Саид Азиз Алиҳусайни шахсий сабабларга кўра ўз фаолиятини давом эттирмасликка қарор қилди. Шундай бўлсада федерация унинг спортчиларга берган беқиёс хизмати, ажойиб маслаҳатлари, фикр-мулоҳазалари ва қўллаб-қувватлашини қадрлайди.
Ўзбекистон Оғир атлетика федерацияси Саид Азиз Алиҳусайни мураббийлик фаолиятини давом эттиришга қарор қилганда, унинг учун федерация эшиклари ҳар доим очиқлигини билдиради", - дейилади федерация расмий сайтидаги хабарда.