Миллий спорт туримиз бўлган белбоғли кураш йилдан йилга дунё бўйлаб оммалашиб бормоқда. Ҳар йили ўтказилаётган жаҳон чемпионатлари, халқаро турнирлар белбоғли курашни тобора ривожланишига хизмат қилаётгани бор гап.
Яна бир яхши янгилик.
Жорий йилнинг 20-25-май кунлари Жиззах шаҳрида илк бор катталар ўртасида белбоғли кураш бўйича Осиё чемпионати бўлиб ўтади.
Бирлашган курашлар олами (UWW), Осиё белбоғли кураш конфедерацияси, Жиззах вилояти ҳокимлиги, Жиззах вилояти прокуратураси, Ўзбекистон Республикаси Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги, Ўзбекистон белбоғли кураш федерацияси ҳамда қатор вазирлик ва ташкилотлар ҳамкорлигида ўтказилаётган ушбу Осиё чемпионатида, қитьамизнинг энг нуфузли беллашувларида Ҳиндистон, Эрон, Индонезия, Япония, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон каби 20 га яқин давлатларнинг номдор полвонлари иштирок этиши кутилмоқда.
Бирлашган курашлар олами (UWW) таснифига кирувчи белбоғли кураш бўйича ўтказилдаган Осиё чемпионатида эркаклар -57,-62,-68,-75,-82,-90,-100 ҳамда +100 кг. вазн тоифаларида куч синашса, аёллар -52,-58,-66,-76,+79 кг. вазнларда беллашади. Шунингдек, мусобақа доирасида ўша кунлари регламентга мувофиқ, Бирлашган курашлар олами (UWW) таркибидаги Қозоғистоннинг "Қазақ Куреси" ва Қирғизистоннинг "Алыш" кураш спорт турлари бўйича ҳам Осиё чемпионати ўтказилади.
Айни пайтда эса, Жиззах вилоятида ушбу Осиё чемпионатини муносиб тарзда ўтказиш учун тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда.
Янги номлар, кучли полвонлар Жиззах шаҳридаги Урда боғи аренасида аниқланади.
Илҳом РАҲМОНОВ тайёрлади
Манба: sports.uz