Якунига етган чемпионатни «Навбаҳор» сафида ўтказган ярим ҳимоячи жамоасининг ҳақиқий етакчисига айланди. Бир-биридан чиройли голлар муаллифи ҳам бўлди. Лекин Жамшидни ҳали ҳамон миллий терма жамоага чақирилмаётгани кўпчиликни ҳайрон қолдиряпти. Шубҳасиз, у терма жамоага муносиб. Sports.uz журналисти энг яхшиларни тақдирлаш маросимидан кейин Искандеров билан суҳбатлашди.
- Жамшид, Ўзбекистоннинг энг яхши футболчиси деб эътироф этилганингиз билан табриклаймиз. Бу ҳолатни кутгандингиз-а?
- Табрик учун раҳмат. Тўғрисини айтсам, қандайдир соврин ютаман, деган яхши ният билан келгандим. Чунки, бу йил ёмон ўтмади. Аллоҳга шукрлар бўлсинки, ушбу совринни ютдим, бундан жуда хурсандман. Бизни қўллаб-қувватлаган мухлисларга ва дуо қилиб турганларга каттакон раҳмат.
- «Навбаҳор»нинг бу йилги муваффақиятларида ҳиссангиз катта бўлди. Шундай экан, Намангандаги фаолиятингиздан қониқдингизми ёки...
- Мен жамоамиз билан Ўзбекистон чемпиони бўлиш ёки Кубок ютишни хоҳлардим. Бу ютуқ ўша совринларни олдида ҳеч нарса эмас. Булар мен учун муҳимроқ эди. Жамоа билан вилоят ҳокимини, Наманган аҳлини хурсанд қилиш ниятимиз бор эди. Насиб қилмаган экан, кейинги йилга ҳаракат қиламиз.
- Ҳаммани қизиқтираётган савол: Жамшид Искандеров келаси йили қаерда ўйнайди?
- Тўғрисини айтсам, ҳали бир қарорга келмадим.
- Сизга четдан ҳам яхши таклифлар бор-а?
- Ҳа, бор. Гаплашиб турибмиз. Яқин кунлар, ҳафталар ёки ойларда ҳал бўлиб қолса керак.
- Мавсумнинг энг яхши ўйинчиси бўлдингиз, аммо ўзингиз учун энг яхшиси ким бўлди?
- Мана, ҳамма шундай танлашибди-ку. Агар нимадир десам нотўғри бўлади. Қарор қабул қилиб бўлишган. Лекин ўз фикрим бўйича бу йил ўзларини яхши томонлама кўрсатган бошқа футболчилар ҳам бор эди. Аммо айнан кимлигини айта олмайман. Акс ҳолда кимнидир ранжитиб қўйишим мумкин.
- Соврин билан терма жамоага чақирмаётган Сречко Катанецга ўзига хос жавоб йўлладингиз, десак бўладими?
- Айтганимдек, энг яхшиси бўлганимдан хурсандман. Миллий терма жамоа аъзоси бўлиш учун ҳаракат қиламан. Ҳозирча чақирмаётгани бу мураббийнинг қарори. Бош мураббийни ўз фикри, футболга қараши бор. Албатта, мени ҳам чақиришса жуда хурсанд бўлардим.
- Терма жамоага чақиришлари учун яна нима қилишим керак, деб ўйлаяпсиз?
- Ўз устимда янада кўпроқ ишлаб, қайсидир бўш томонларимни тўлдиришим керак.
- Охирги савол: Сречко Катанец сиз ҳақингизда фикр билдириб, бўйи пастроқ, деган гапни айтиб ўтганди. Бунга қандай муносабатдасиз?
- Шу пайтгача бу ҳақда ҳеч кимга айтмагандим. Мураббийнинг шундай гапиргани мени ранжитди. У миллий терма жамоа бош мураббийи-ку, кимнидир таклиф қиладими ёки йўқ, футболчи ҳақида бундай гапни айтиш нотўғри. Ҳеч бўлмаганда, кейинги йиғинларга чақирамиз ёки ўйинларини яна кузатиб борамиз, деса бўларди. Аммо ҳар хил гапларни айтиши одамни ранжитди.
Шуҳратбек Жўраев суҳбатлашди