"Катта Дубулға" турнирларининг 22 карра ғолиби Рафаэль Надаль учун ATP Якуний турнири гуруҳ босқичидаёқ якунланадиган бўлди.
Дунёнинг иккинчи ракеткаси бўлиб турган испаниялик афсона гуруҳнинг икки учрашувида мағлубият аламини тотиб кўрди. Параллел ўйинда Каспер Рууднинг америкалик Тейлор Фритцни мағлуб этиши эса Надалнинг назарий жиҳатдан имкониятини ҳам йўққа чиқарди.
Рафа Надалнинг ярим финалга чиқиши учун Каспер биронта сетда ютмай ютқазиши керак эди. Шунда ҳам учинчи тур ўйинларидаги натижалар кутиларди. Рууд эса аксинча икки ғалабадан сўнг муддатидан аввал 1/2 финал масласини ижобий ҳал қилди.
Эслатиб ўтамиз, Надаль аввалига Тейлор Фритцга 6:7 (3:7), 1:6, кейин эса канадалик Феликс Оже-Альяссимга 3:6, 4:6 ҳисобида имкониятни бой бериб қўйди. Қизиғи, шунча мукофотлар соҳиби Рафада ATP Якуний турнирининг бош соврини йўқ.