Килиан Мбаппе келаётган ёзда ПСЖни тарк этиши аниқ бўлиб улгурган. 25 ёшли форвард “Реал”га ўтиши кутиляпти.
Аслида Мбаппенинг Парижни тарк этиб, Мадридга йўл олиши масаласи ўтган ёзда анча муҳокамаларга сабаб бўлганди. Ўшанда клуб шартномани янгилашни истамаган Килианни жамоадан четлатиб, тезда бошқа клубларга сотиб юборишга қарор қилган.
Ўйин амалиётисиз қолиб кета бошлаган Мбаппе клуб хўжайини Нассер Ал-Хелаифий билан учрашиб, муносабатларга ойдинлик киритиб олганди. Манбаларнинг таъкидлашича, Мбаппе клуб раҳбарияга шартнома тузишга ваъда берган.
Шундан сўнг вазият барқарорлашди ва ҳужумчига содиқлик учун катта миқдорда бонус тақдим қилинди.
Мбаппе берган ваъдасига қарамай, клубнинг янги шартнома бўйича бир неча таклифини рад этди. Охир-оқибат футболчи Парижда қолмаслигини маълум қилди.
Айни пайтда ПСЖ хўжайинларига Килиан Мбаппенинг тутган йўли ёқмаяпти. Ўйинчининг келаси мавсум қайси жамоада ўйнаши ПСЖ ёки “Реал”нинг Чемпионлар лигасидаги юришини тўхтатганидан кейин эълон қилинади.