Search

Машарипов/Роналду/«Ал-Наср»да нима гаплар?

  • Share this:
post-title

Ҳаттоки, Европада ҳам араб жамоаси ҳақида тинмай гапиришмоқда. Биласиз, «Ал-Наср»да ҳам­юртимиз Жалолиддин Машарипов бор. Бас шундай экан, унга боғлиқ воқейликлар занжири бизни икки ҳисса қизиқтиради, албатта.

Машарипов ўйинга қайтди, ниҳоят

«Ал-Наср»нинг қаторасига 3та ўйини қайдномасига киритилмаган Жалолиддин Машарипов Саудия Арабистони Премьер-лигаси 12-туридан ўрин олган «Ал-Таи»га қарши уй учрашувида ниҳоят, сафга қайтди. Ҳамюртимиз ноқулай об-ҳаво шароити туфайли 1 кун кейинга сурилган баҳсда бош мураббий Руди Гарсия танлаган бошланғич таркибдан жой олди ва 73-дақиқагача майдонда фаол тўп сурди. Натижага келсак, Талиска урган 2та гол эвазига 2:0 ҳисобида ғалаба қозонган «Ал-Наср» пешқадамлик мавқеини сақлаб қолди. Эътиборли томони, Талисканинг иккинчи голига колумбиялик дарвозабон Давид Оспина ассистентлик қилди. Криштиану Роналду эса Англия футбол ассоциацияси томонидан қўйилган дисквалификация (2та ўйин) туфайли дебютини ортга сурди. У 14 январга белгиланган «Ал-Шабаб» билан учрашувда ҳам майдонга тушмаса керак. 

Жалолиддинга эътибор

Криштиану Роналдунинг «Ал-Наср» сафига қўшилгани қайсидир маънода Жалолиддин Машариповга ҳам эътиборни ошириб юборди. Дейлик, ҳамюртимиз 7-рақамни португалияликка беришдан бош тортгани ҳақидаги хабарлар тарқалгани фонида. Жумладан, sports.ru сайти ҳам терма жамоамиз ярим ҳимоячиси фаолияти ва фикрига алоҳида тўхталди. «Жалолиддин Машарипов 29 ёшда, у Саудиягача йўл олишига қадар бутун фаолия­тини Ўзбекистонда ўтказди - «Пахтакор» ва «Локомотив» клублари сафида 125та ўйин, 28та гол, 38та самарали узатма. Ярим ҳимоячи икки клуб билан Ўзбекистон Суперлигасида 5 бора ғолиб чиқиш баробарида бир мартадан кубок соҳибига айланди. 2020 йили эса Машариповни Ўзбекистоннинг энг яхши футболчиси сифатида эътироф этишди. «Ал-Наср» 2021 йилнинг январида футболчи трансферини 1 миллион еврога сотиб олди. Унинг жорий мавсумдаги натижаси унча яхши эмас. Аввалги мавсум эса Машарипов етарли амалиётга эга бўлди - барча мусобақаларда 30та ўйин, 4та гол ва 6та ассист. Жумладан, ОЧЛда 2та гол урганди. Машарипов - Ўзбекистон термасида ҳам сермаҳсул футболчилардан, унинг ҳисобида 45та ўйинда урилган 10та гол бор. Фаолиятидаги энг ёрқин лаҳза - ОК-2019да кузатилган. Ўшанда Туркманистон термасига қарши ўйинда 1тадан гол ва самарали узатма қайд этган. Ўзбекистонлик футболчининг «Инстаграм»даги саҳифасида 449 минг обуначи бор. 7-рақамни Роналдуга беришдан бош тортгани ва шу туфайли трансферга қўйилгани ҳақидаги хабарларни Машариповнинг ўзи ҳам инкор этди: «Бу ҳақиқат эмас. «Инстаграм»даги баёнотларга ҳазил сифатида қараш керак. Режалар? «Ал-Наср»да Роналдуни диққат билан кузатиб борманг. У ўз даврининг энг яхши футболчиларидан бири. Криштианудан ўрганишим зарур жиҳатлар жуда кўп», — дейилади сайт мақоласида.

Гарсиянинг режаси бошқачами?

«Ал-Наср» бош мураббийи Руди Гарсия «Реал» ҳужумчиси Эден Азарни ўз ёнига чорлашни истаётгани ҳақида хабарлар тарқалди. Таъкидланишича, франциялик мутахассис бельгиялик билан аллақачон эҳтимолий трансферни муҳокама қилган. Айтиш жоиз, Гарсия «Лилл»да Азар билан бирга ишлаган ва уни яхши билади. 31 ёшли вингернинг Мадрид клуби билан шартномаси эса 2024 йилнинг ёзигача амалда бўлади. Азар ҳамюртимиз ўйнаётган позиция вакили эканлигини ҳам қўшимча қилиш ўринли. Бу орада Машариповга Туркиянинг «Коньяспор» клуби қизиқаётгани хусусида ҳам маълумотлар чиқди. Турк ОАВда ёзилишича, жамоалар бу масалада музокара бошлаган. «Ал-Наср» эътиборидаги яна бир футболчи - бу Дортмунд «Боруссия»си ярим ҳимоячиси Марко Ройс. 33 ёшли германияликнинг «асаларилар» билан шартномаси ёзда ўз кучини йўқотади.

Абубакар кетди

«Ал-Наср» Роналдуни қайдномага киритди аллақачон. Клуб рўйхатда жой бўшатиш учун камерунлик ҳужумчи Венсан Абубакардан воз кечди. Энди футболчи шартнома муддатидан олдин бекор қилингани учун товон пули олди. Саудия Арабистони чемпионатида легионерларга қўйилган чекловга кўра, ҳар бир клуб 8 нафар хорижликни рўйхатга киритиши мумкин. Роналду келиши билан эса «Ал-Наср»даги легионерлар сони 9 нафарга етганди. Маълумот учун, 30 ёшли Абубакар жорий мавсум 9та ўйинда 2та гол ва 1та ассист муаллифига айланди. Диққатга сазовор томони, камерунликка Роналдунинг собиқ клуби - «МЮ» томонидан қизиқиш бор. Унга «Фенербахче» ҳам бефарқ эмас. Абубакарнинг ўзи эса аламини яширмаяпти: «Ҳар доим Мессини Роналдудан устун кўрардим. Мана, Криш билан машғулот ўтказганимдан сўнг бу масалада ҳақ эканлигимга тўлиқ иқрор бўлдим».

ЖЧ финалидан ҳам кўп

Журналист Педру Сепулведанинг маълум қилишича, 37 ёшли Роналдунинг «Ал-Наср» футболчиси сифатидаги таништирув маросимини дунё бўйлаб, 40та канал орқали жами 3 миллиард инсон кузатган. Таққослаш учун келтирсак, Аргентина ва Франция термалари ўртасидаги ЖЧ-2022 финали (3:3, 4:2) телеаудиторияси 2 миллиард кишига етганди. 

«Инстаграм»га қаранг...

Криштиану Роналду трансферидан сўнг «Ал-Наср»нинг «Инстаграм»даги саҳифаси обуначилари сони 11 миллиондан ошди. 37 ёшли ҳужумчи шартнома тузишидан олдин Саудия клуби расмий аккаунти 853 минг обуначига эга эди. Қисқа вақтда саҳифага 10 миллиондан кўп фойдаланувчи ёзилди. 

Роналдунинг дебюти қачон?

Саудия Арабистони нашрларида ёзилишича, Роналду янги клубидаги дебютини 22 январь куни нишонлайди. «Ал-Наср» шу куни уй стадиони Mrsool Park аренасида «Ал-Иттифоқ»қа қарши майдонга тушади. Тўғри, Ар-Риёд жамоаси Роналду дисквалификация масаласини жиддий ўрганаётгани хусусида ҳам хабарлар чиққанди. Яъни араблар Роналдуни эртароқ дебюти йўлида катта миқдорда жарима тўлашга ҳам тайёр туришгани айтилди. Бироқ дисквалификацияга амал қилмаслик оқибатида аввало, футболчининг ўзига нисбатан янги санкциялар қўлланилиши мумкин. Хуллас, «Ал-Наср» хўжайинлари шу ҳолат туфайли ФИФА қоидаларини бузишга жазм этолмасликлари тайин.

Шоҳона шароит

Daily Mail нашри маълумотига кўра, португалиялик юлдуз Ар-Риёдда элит меҳмонхоналар жойлашган 99 қаватли Kingdom Tower биносида яшайди. Роналду, унинг оиласи, дўстлари ва қўриқчиларига осмонўпар иншоотдан 17та хона ажратилган. Табиийки, энг яхши шароитга эгалари. Тасдиқланмаган хабарларга кўра, Роналду ушбу хоналарни 1 ой муддатга олган (ижара) ва 250 минг фунт с­терлинг тўлайди.

YouTube фойдаланувчиларидан бири тармоққа Роналдунинг «Ал-Наср» учун урган сохта голи лавҳасини жойлаштирди. Энг қизиғи, Саудияда ҳали дебют қилмаган юлдузнинг аслида йўқ голи акс эттирилган ролик қисқа вақтда 17 млн. марта томоша қилинди.

Bahrom Parpiyev

Bahrom Parpiyev

Lorem ipsum dolor sit amet, consectetur adipisicing elit. Animi autem blanditiis deleniti inventore porro quidem rem suscipit voluptatibus! Aut illum libero, praesentium quis quod rerum sint? Ducimus iure nulla totam!