Mана, Ўзбекистон чемпионати элит лигасида навбатдаги мавсум якунига етди. ПФЛ матбуот хизмати маълумоти бўйича айтсак, март ойидан буён ички чемпионатнинг 8та иштирокчисида бош мураббий алмашди. Ташкилот шунинг баробарида бош мураббийлар ва клублар ўртасидаги шартнома муддати ҳақида ҳам маълумот тақдим этди.
МАВСУМ ИСТЕЪФОЛАРИ
Суперлига 25-тури олдидан «Сўғдиёна» бош мураббийи Улуғбек Бақоев жамоа билан хайрлашди. Шу тариқа мавсум давомида кузатилган истеъфолар сони 11тага етди. Жумладан, истеъфолар хит-парадини очиб берган «Динамо» кейинчалик ўз мураббийини яна бир марта янгилади. «Бунёдкор» ва «Локомотив»да ҳам худди шундай бўлди - 2тадан истеъфо. Хуллас, Суперлиганинг 14та иштирокчисидан 6тасигина мавсумни бир мураббий билан бошлаб, унинг раҳбарлигида якунлади.
ШАРТНОМА МУДДАТИ МАСАЛАСИ
Хўш, бу йил Суперлигада ўйнаган жамоалар ва уларнинг амалдаги бош мураббийлари ўртасидаги шартнома ҳолати қандай? ПФЛ тақдим этган рўйхатга қарасак, 3 нафар мутахассис ўз клуби билан 2025 йил якунига қадар мўлжалланган меҳнат битимига эга. Булар - Максим Шацких («Пахтакор»), Самвел Бабаян («Навбаҳор») ва Миржалол Қосимов (АГМК). Яна 3 нафар мураббий (Рўзиқул Бердиев, Насаф»; Ёрқин Назаров , «Сўғдиёна»; Виталий Левченко, «Нефтчи»)нинг амалдаги келишуви кейинги йили ҳам кучда бўлади. Булар қаторига яқинда «Металлург» янги шартнома тузган испаниялик Луисма Эрнандесни ҳам қўшиш керак. Қолганларда келишув муддати тугамоқда. Демак, улар яқин орада муддатни узайтиришади ёки жамоадан кетишади.
ПРО ЛИГАДА ВАЗИЯТ ҚАНДАЙ?
Мавсум-2022ни Про лига клуби бош мураббийи мақомида якунлаган мутахассислар рўйхатига назар солсак, атиги 2 нафарида яна 1 йиллик шартнома бор. Суперлига йўлланмасини қўлга киритган жамоалар мураббийларида ҳам келишув муддати тугамоқда. Тахмин қилиш мумкинки, улар яқин орада янги битим остига имзо чекишади. Қанча муддатга? Бунисини энди вақт кўрсатади.