Search

Футболчилар дангал гапиришса...

  • Share this:
post-title

Чунки 2та клуб профессионал талабларни бажарганича йўқ. ПФЛ раҳбари шунинг баробарида футболчиларнинг ошкора интервью беришлари тарафдори эканлигини яширмади.

***

- FIFA Clearing House ло­йиҳаси 2023 йилдан ишга тушди. Биз буни камида 5 йилдан буён кутаётгандик. ФИФА бу орқали клубларга машғулотлар компенсацияси ёки бирдамлик механизми орқали тушиши шарт маблағнинг вақтида олиниши бўйича ёрдам беради. Барчаси ягона тизим орқали бошқарилади. Айтайлик, Элдор Шомуродов илк профессио­нал шартномасини тузди. Бунинг учун уни тарбия қилган футбол академияси машғулотлар компенсацияси олиши керак. Шомуродов кейинчалик «Ростов»га трансфер қилинса, трансферни амалга оширган «Бун-ёдкор»дан ташқари, «Машъал» ҳам маълум миқдорда бирдамлик механизми орқали пул ишлайди. Футболчи кейинчалик трансфер асосида «Женоа»га ўтади, ундан кейин «Рома»га ва ҳоказо. Ҳар бирида унинг аввалги клублари трансфер суммасининг 5 фоизини аниқ мезонлар асосида бўлиб олади. 23 ёшдан кейин футболчи бир клубдан иккинчисига эркин агент сифатида кўчиб юрса, фоизлар ҳақида гап бўлиши мумкин эмас табиийки. Шу кунгача клублар компенсацияни ундириш учун бир-бирига мурожаат қилиши, баъзан низолашишига тўғри келган. ФИФА айнан шу каби ишларга чек қўйиши мумкин. «Машъал» ҳар сафар «Ростов», «Женоа» ёки «Рома» билан алоқага чиқишидан кўра, ягона тизим орқали бу масалалар ФИФА назоратида бўлиши нисбатан енгилроқ.

***

- Темурхўжа Абдухолиқов, Жалолиддин Машарипов ёки яна қайсидир футболчи бирор кескин фикр билдирса, уларнинг оғзига урадиганлар топилади, албатта. Бироқ футболчилар гапирашаётганидан хурсанд бўлишимиз керак. Ўзига тўлиқ ишонадиган кишилар ҳар қандай даврада фикрларини аниқ ва тиниқ етказа олишади. Бизнинг футболга ўзига ишонадиган футболчилар жуда керак. Эпласа, мақтансин, уддасидан чиқса, катта гапирсин. Бу нормал ҳолат. Харизмаси бор футболчилар ўзини ҳар қандай шароитда ноқулай ҳис қиладиганлардан доим устунроқдир. Улар қолган шериклариларига ҳам баъзида руҳий кўмак бера олишади.

***

- Ўзбекистон Coca Cola кубоги финали Бухорода азбаройи зўр ўтганидан, стадион ўрни тарихий бўлиши керак, дейишаётган экан. Туристик зона албатта, яхши, бироқ унда футбол стадионининг бўлиши янада фойдали. Тайёр нарсани бузиш эмас, уни туристлар ва умуман, бухороликлар учун фантастик структурага айлантириш мумкин. Стадион атрофи супермаркетлар, овқатланиш, кўнгилочиш масканлари, автотурар жойлар учун жуда боп жой.

***

- Элдор Шомуродов «Торино» сафига қўшилса, бу чиндан ҳам, тўғри қарор бўлади. Унга «А» сериянинг аутсайдер жамоалари кўп оғиз солди, Элдор ҳар қандай гап-сўз ва таклифга сабр билан жавоб берди. «Торино» эса ўз тарихи, анъаналарига эга муносиб клуб.

***

- Футбол агентлари фаолиятини тартибга солувчи ҳужжат ФИФА томонидан кучга кираётгани ҳақида айтгандик. Шунинг асосида 2023 йили 2та расмий имтиҳон бўлиши кўзда тутилган. Биринчиси 19 апрель куни ўтади. 9 январдан 23 мартга қадар рўйхатдан ўтиш даври. Иккинчиси 20 сентябрга режа қилинган. Бунда 1 майдан 31 июлгача рўйхатдан ўтиш даври очиқ бўлади. Имтиҳонлар миллий ассоциацияларда ўтиши лозим. 60 дақиқа давомида агентлар 20та саволга жавоб беришади. Минимум 75 фоизлик кўрсаткични қайд этганлар имтиҳондан ўтган ҳисобланадилар. Имтихонлар инглиз, испан ва француз тилларида топширилади.

*** 

- Эркаклар жамоаси каби аёллар футбол жамоамиз ҳам ҳеч қачон Олимпиадада иштирок этмаган. Париж-2024 иштирокчиси бўлишнинг дастлабки шарти ва рақиблари маълум бўлди аёлларимиз учун. Кейингилари албатта, мураккаблашиб боради.

*** 

- Про лиганинг икки жамоаси берилган сўнгги имкониятдан кейин ҳам талабни бажаролмади. Ҳар иккиси том маънода Биринчи лига жамоаси, Про лига клуби эмас. Про лиганинг 2023 йилги мавсумида клублар сони тоқ бўлишга яқин. Бу албатта, жуда чиройли ҳолат эмас. Аммо талаб ҳаммага бир эканлиги принципи рақамларни сунъий ошириш ғалатилигидан доим устун туриши шарт. 

***

- «Бунёдкор» Азиз Ҳайдаров билан тўғри йўлга тушиб бораётганини кўриб тургандик. Иван Бошкович ёш футболчилар билан исталган рақибга қарши тура оладиган жамоага асос солиш мумкинлигини ҳаммага кўрсатиб берганди. Клубнинг аввалги раҳбарияти ҳақида бундай фикр билдиролмаймиз. Халқ вақти келиб, ўз қаҳрамонларини таниб олади, албатта. Аввалги йиллар давомида «Бунёдкор»га нисбатан қилинган уятсиз ишлар оқибатида клуб ўз тарихидаги энг ёмон натижаларни кетма-кетликда қайд этди, фактни ҳеч ким яширолмайди. Ёки сиз «Бунёдкор»ни яқин орада 8-ўринда кўрганмидингиз? Биз бир нарсага — ҳар ким ниятига ярашасини олишига ишонамиз. Клубни емириб келганлар ундан батамом кетишлари шарт. Ҳар қандай курашда адолат ғалаба қозониши учун биз ҳам гувоҳликка тайёрмиз.

Диёр ИМОМХЎЖАЕВ

 

Bahrom Parpiyev

Bahrom Parpiyev

Lorem ipsum dolor sit amet, consectetur adipisicing elit. Animi autem blanditiis deleniti inventore porro quidem rem suscipit voluptatibus! Aut illum libero, praesentium quis quod rerum sint? Ducimus iure nulla totam!