Ҳар ҳолда, мазкур учрашувнинг иккинчи бўлимини бошқа киши шарҳлаб борди. Бакиржигилнинг эфирдан четлатилгани сабаби анча кулгули. Ҳаммаси оддий: у сиёсатни ҳисобга олмай, шарҳ давомида туркиялик таниқли футболчи Ҳоқон Шукурни эсга олди. Оқибатда телекомпания раҳбарияти зудлик билан шарҳловчига чиқиш эшикларини кўрсатиб қўйди...
Ҳаммасига Марокаш терма жамоаси вакили Ҳаким Зиеш «айбдор». Ҳар ҳолда, «Челси» ярим ҳимоячиси ўйиннинг 4-дақиқасидаёқ ҳисобни очмаганида, Алпер Бакиржигил жонли эфирда ЖЧ тарихидаги энг тезкор гол масаласига тўхталмасмиди...? Хуллас, шарҳловчи вазият тақозосига кўра, Ҳоқон Шукур голини эслади: «Мана, ўйин тезкор гол билан бошланди. Аммо айтиш керак, жаҳон чемпионати тарихидаги энг тезкор гол Ҳоқон Шукурга тегишли. У 2002 йилги мундиалда Жанубий Корея термаси дарвозасини ўйиннинг 11-сониясида ишғол қилганди».
Дарҳақиқат, шундай. ЖЧ-2002да Туркия миллий жамоаси ҳужумида катта роль бажарган Ҳоқон Шукур 3-ўрин учун кечган баҳснинг 11-сониядаёқ Жанубий Корея термаси дарвозасини нишонга олиб, энг тезкор гол муаллифи сифатида тарихга кирганди. Бироқ Шукур эндиликда Туркияда қароланган шахслар қаторида. Гап шундаки, футболчилик фаолиятини якунлаганидан кейин ўзини сиёсатга урган собиқ ҳужумчи 2015 йили Туркия ҳукумати томонидан радикал мухолифат билан алоқадорликда айбланди. Ҳоқон Шукур шу айблов таъсирида 2016 йили муқим яшаш учун АҚШга қочиб кетди ва охирги маълумотларга қараганда, у Америкада такси ҳайдовчиси бўлиб кун кўрмоқда.
Дарвоқе, Бакиржигил эфирдан четлатилгач, иккинчи бўлимда унинг ўрнини Жунайт Кирон эгаллади. Лекин бу ҳолат ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама қилинмоқда. Тўғри, кейинчалик Бакиржигил ишдан бўшатилгани ҳақидаги хабарлар телекомпания томонидан расман тасдиқланмади. Таъкидланишича, у билан фақат тушунтириш ишлари олиб борилган, холос.