ПСЖ ҳужумчиси Лионель Месси Саудия Арабистонига келган эди. Маълум бўлишича, аргентиналик юлдуз сафарга жамоа бош мураббийи Кристоф Галтье ва спорт директори Луиш Кампуш рухсатисиз борган.
L'Equipe нашрининг ёзишича, Лионель Месси Саудия Арабистонининг туризм бўйича элчиси ҳисобланади. У араб мамлакатига ўзаро шартнома мажбуриятидан келган.
Месси бу сафарини аввалроқ амалга ошириши керак эди. Бироқ, чемпионатдаги мағлубиятлар унинг режасига таъсир қилди.
Манбанинг таъкидлашича, Месси аввалги режаларини Галтье ва Кампуш билан муҳокама қилиб, улардан рухсат олган. Лекин “Лорьян”дан учралган мағлубиятдан кейин мураббийлар штаби дам олиш кунига машғулот қўйгани аргентиналик ҳужумчининг йўлга чиқишига тўсқинлик қилган.
Тез орада Саудия Арабистонида ҳарорат кўтарилишини инобатга олган Месси рухсатни кутмасдан мажбуриятини бажариш учун бу мамлакатга келгани айтилмоқда.