Ўзбекистон ҳам йўлланма олган ЖЧ-2023 баҳслари 20 майдан 11 июнга қадар ўтказилиши, қуръа ташлаш маросими эса 31 март куни ўтиши белгиланганди. Аммо Индонезия футбол ассоциацияси маросим кейинроқ муддатга қолдирилганини эълон қилди.
Бунга ЖЧ-2023га илк марта Исроил ёшлар жамоаси ҳам йўлланма олгани, аммо бу мамлакат жамоасининг Индонезияга келиши ҳозирдан маҳаллий аҳолининг турли норозилик намойишларига сабаб бўлмоқда. Индонезия Исроилнинг Фаластин билан низолари ва бу мамлакатга нисбатан зўравонликлари сабабли уни тан олмаган. Бунгача Бали ороли губернатори Исроил ёшлар жамоасини ўз ҳудудига киритмаслигини маълум қилган бўлса, мамлакат пойтахти Жакартада минглаб одамлар Исроил ёшлар жамоасининг Индонезияга келишига қарши намойишлар ўтказганди.
Reuters хабарига кўра, ФИФА ЖЧ-2023 атрофидаги сиёсий воқеалар сабабли Индонезияни турнир мезбонлигидан маҳрум этиши мумкин. Шунингдек, мамлакат футбол ассоциациясига нисбатан турли санкцияларни қўллаш эҳтимоли бор.
Эслатиб ўтамиз, ФИФА 2016 йил Индонезияни халқаро ўйинлардан четлатган эди. Бунга мамлакат ҳукуматининг футболга аралашуви сабаб бўлган. Кейинчалик санкция бекор қилинганди.
Аввалроқ, Ироқ ёшлар жамоаси ҳам ЖЧ-2023да Исроилга рўбарў келса, бу жамоага қарши майдонга тушмаслиги ёки умуман турнирда қатнашмаслиги мумкинлиги ҳақида хабар қилинганди.