Бугун Ўзбекистон Стол тенниси федерациясида 2023 йилнинг биринчи ярим йиллигида амалга оширилган ишлар юзасидан ҳисобот йиғилиши бўлиб ўтди. Унда федерация мутасаддилари, ҳудудий бошқармаларнинг ижрочи директорлари ва тренерлар кенгаши аъзолари иштирок этишди. Йиғилишни федерация раисининг биринчи ўринбосари Алишер Керимов олиб борди.
Кун тартибидан ўрин олган масалалар юзасидан тегишли мутасадди раҳбарлар ўз фикр ва мулоҳазаларини билдириб ўтишди. Жумладан, олдиндаги энг йирик комплекс мусобақалар – Ханчжоу-2022 Осиё ўйинлари ҳамда Париж-2024 ёзги Олимпия ўйинларида ўзбекистонлик стол теннисчиларнинг муносиб иштирокини таъминлаш, шу билан бирга миллий терма жамоа аьзолари ўртасида соғлом ракобатни кучайтириш, жойларда селекция ишларини тўғри ташкил этиш, мамлакат миқёсидаги мусобақалар нуфузини ошириш ҳамда уларни тизимли ўтказиш, шунингдек тренерларнинг махаротини ва билимини мунтазам ошириб бориш ишларини янада самарали ташкил этиш чораларини кўриш белгилаб олинди.
Йиғилиш давомида хато ва камчиликларга йўл қўйган бир қатор вилоят бўлимлари раҳбарлари огоҳлантирилган бўлса, берилган вазифаларни ўз вақтида сифатли ташкил этган раҳбарлар ташаккурнома билан тақдирланиб, алоҳида эътироф этилди.
Тадбир якунида нуфузли халқаро мусобақада муваффақиятли иштирок этган бир қатор спортчилар федерация раҳбарияти томонидан қимматбаҳо эсдалик совғалари билан тақдирланди. Бундан ташқари, шу куни 9 нафар спортчига “Спорт устаси” унвони топширилди.