Бош прокуратура Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетига ўқишга қабул қилишда қонунчилик талаблари бузилиб, қабул жараёнларининг шаффофлиги таъминланмаган деган хулосани эълон қилди.
Хусусан:
– ижодий имтиҳонларни ўтказиш учун 10 та йўналиш бўйича 3 кишидан кам бўлмаган таркибда комиссия шакллантирилмаган;
– 21 та спорт тури бўйича ўтказилган ижодий имтиҳонларда айнан бир шахс бир вақтда комиссияларга раислик қилган;
– 24 та таълим йўналиши бўйича 189 нафар абитуриентнинг имтиҳон натижалари баённомаларда ҳаққоний акс эттирилмаган;
– 26 нафар абитуриентнинг ижодий имтиҳон натижалари баённомаларда кўрсатилмасдан, асоссиз баҳоланган;
– от спорти, хоккей, фигурали учиш, тоғ чанғиси бўйича спорт иншоотлари мавжуд бўлмасада, 500 нафардан ортиқ абитуриент шу йўналишларга ўқишга қабул қилинган;
– 90 нафар абитуриентнинг ижодий имтиҳон баллари ошириб қўйилиб, талабаликка қабул қилинган.
Оқибатда, ижодий имтиҳонлардан энг юқори балл тўплаб, давлат гранти асосида ўқишга қабул қилинган 30 нафар талаба 1-семестр якуни бўйича қониқарсиз баҳо олган.
Худди шу каби қонун бузилиш ҳолатлари Университетнинг Фарғона филиалида ҳам йўл қилгани аниқланган.
Шунингдек, Университетда ўқишга қабул квоталари ҳам сунъий равишда оширилиб, 3 160 ўринли университетга 13 634 нафар ёки сиғимга нисбатан 4,5 баравар кўп талабалар қабул қилинган.
Сўнгги 2 йилда талаба ва ўқитувчилар томонидан жами 6 та коррупциявий ва 23 та бошқа турдаги жиноятлар содир этилган.
Текшириш давомида ўтказилган тадбирда талабалар Д.И. ва Ж.С.лар фуқаро Ғ.М.ни ўқишга киритиш учун ундан 5 минг доллар олган вақтида ушланган.
Бундан ташқари, 587 нафар ўқитувчи ва ходимларига 1,2 млрд. сўм рағбатлантириш пуллари ҳамда ўтилмаган дарс соатлари учун 172 млн. сўм маблағ ноқонуний тўланиб, талон - торож қилинган.
Аниқланган қонун бузилиши ҳолатлари юзасидан жиноят ишлари қўзғатилиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Манба: rost24.uz