Language:

Поиск

Юрий Белоус: «Жалолиддинов атрофида «ақлли маслаҳатчилар» кўпайиб кетганди...»

  • Share this:
post-title

Икки томон бу борада ижобий келишувга эришгач, табиийки, мутахассислар томонидан мазкур бўлажак баҳс борасида қандайдир фикрлар айтилиши бошланди. Бу ўйин ташкиллаштирилиши расман эълон қилингач, Sports.uz сайти россиялик таниқли футбол намоёндаларидан бири - Юрий Белоусдан интервью олди.

- Юрий Викторович, Ўзбекистон - Россия терма жамоалари ўртасида ўтказиладиган ўртоқлик ўйинидан нималарни кутяпсиз?

- Ушбу ўйиндан кўп нарсани кутяпман. Ишонаманки, беллашув мухлисларга ёқадиган, томошабоп руҳда кечади. Шунингдек, терма жамоангизнинг баҳсда муносиб ўйин кўрсатишини ҳам кутяпман. Ахир Ўзбекистон ўз минтақасида кучли футбол мамлакати саналади. Сизларда иқтидорли футболчилар жуда кўп. Мисол тариқасида, Одил Аҳмедовни айтишим мумкин ёки бўлмаса бугунги кунда футболчиларингиз орасида энг таниқлиси ҳисобланадиган Элдор Шомуродовни танимаган ишқибоз топилмаса керак. Бундан ташқари, Ўзбекистон футбол мутахассислари кучли эканлиги билан ҳам анча танилган.

- Россиялик мухлислар, шу жумладан мутахассислар бўлажак ўйин ҳақида қандай фикр билдиришмоқда? Шу ҳақида ҳам тўхталиб ўтсангиз.

- Табиийки, Россия мақом даражасида Ўзбекистондан анча баланд туради. Қолаверса, охирги жаҳон чемпионатида термамиз кучли саккизталикка кира олгани ҳам юқоридаги фикримни тасдиқлайди. Тошкентда кечадиган беллашувда Ўзбекистоннинг кучли ўйин кўрсатишга ҳаракат қилишини бемалол кутиш мумкин. Боз устига ўз даврида юртингиздан зўр футболчилар етишиб чиққанига гувоҳ бўлганмиз. Геннадий Красницкий ва Биродар Абдураимовни жуда яхши эслаймиз. Шунингдек, Фёдоров ва Анни ҳам айтиш мумкин. Афсуски, 1979 йил августидаги фожеа юртингиз футболининг кўплаб иқтидор эгаларини бевақт ҳаётдан олиб кетган. Бундай йўқотишдан кейин Ўзбекистон вақт ўтиб бориши билан яна ўзини ўнглаб олди. Бунинг мисоли сифатида 2011 йили Осиё Кубогининг ярим финалида терма жамоангизнинг иштирок этгани яққол далил бўла олади. Ўшанда терма жамоангизни Вадим Абрамов жуда яхши бошқарган. Эсимда, Абрамов терма жамоага бош мураббийлик қилган кезларида расмий мақомда ҳам Россия термасига қарши ўйнашни орзу қилишини билдирганди. Ўйлайманки, мухлисларимиз ва мутахассисларимиз ҳам худди мен каби жуда яхши ўйин гувоҳи бўлишни кутмоқдалар. Шахсан ўзимга келса, мен жуда қизиқарли баҳсга гувоҳ бўлишимга ишонаман.

- Сизнинг фикрингизча, Марказий Осиёда энг кучли терма жамоа қайси?

- Албатта, менинг назаримда Ўзбекистон ўз минтақасининг энг кучли терма жамоаси ҳисобланади. Футболингизни мунтазам кузатиб бораман. Юқорида айтганимдек, сизларда иқтидорли ўйинчилар кўп. Агар юксалишнинг тўғри йўлидан бориладиган бўлса, яқин келажакда Ўзбекистон ҳам Осиёдаги энг кучли терма жамоалардан бири сифатида тилга олина бошланиши шубҳасиз. Чунки биз жуда кўплаб ёш иқтидор эгаларини биламиз. Сизларда иқтидор эгалари борасида катта потенциал мавжуд.

- Юрий Викторович, Ўзбекистон футболи ҳақида анча билимга эгасиз. Айни пайтдаги терма жамоамиз ҳақида нима дея олган бўлардингиз?

- Нима ҳам дейишим мумкин? Боя бежизга сизларда кўплаб ёш иқтидор эгалари борлигини айтиб ўтмадим. Масалан, U-23 терма жамоангиз Осиё чемпионатининг финалида ўйнаганлигини яхши биламиз. Бу эса кўп нарсадан далолат беради. Сизларда футболни ривожлантириш учун жуда яхши шарт-шароитлар яратилган. «Пахтакор» ва «Бунёдкор» каби донгдор клубларингиз бор. «Бунёдкор»нинг моддий техник-базаси жуда яхшилигини ва клуб ихтиёрида шуғулланиш учун бир нечта майдонлар борлигини биламан. Бу масалада Россия премьер-лигасининг айрим иштирокчилари «Бунёдкор»га ета олмаса ҳам керак. Миллий чемпионатингиз йил сайин ривожланиб боряпти. Шунга қарамай, мамлакатингиз бош жамоасининг ЖЧ финал босқичига чиқа олмасдан келаётгани негадир кишини ҳайрон қолдиради. Бундай муваффақиятсизликка бир қанча сабаблар ҳам таъсир ўтказмасдан қолмаган. Сизларда ЖЧ саралаш босқичи анча мураккаб тизимда ўтказилади. Саудия Арабистонида ташкил этилган саралаш босқичининг иккинчи қисмида терма жамоангиздан омад юз ўгирганди. Ваҳоланки, Ўзбекистон бундай потенциал билан жаҳон чемпионатининг финал босқичи йўлланмасига эга чиқиши керак эди.

- Элдор Шомуродовни Россия терма жамоаси учун энг хавфли футболчи бўла олишига ишонасизми?

- Шак-шубҳасиз. Мен уни бежизга ҳар томонлама шаклланган ижрочи деб билмайман. Аммо футбол жамоавий ўйин ҳисобланади. Шомуродовга тўпни бехато узатиб бера оладиган шерикларининг ёрдами жуда зарур бўлади. Элдор жуда тезкор, иккала оёғида ва бош билан яхши зарба бера оладиган футболчидир. Италияда тўп суришни бошлагандан кейин у энди тўпни қисқа паслар орқали ўйнашни ҳам яхши ўзлаштириб олди. Россиялик мутахассислар эътиборини тортадиган футболчиларингиз анча бўлишига иймоним комил. Билсангиз керак, ҳамюртингиз Иброҳимхалил Йўлдошев «Нижний Новгород» клубида тўп суриб, анча танилди. Шунингдек, миллий чемпионатингизда курашни қиздира оладиган клублар сони анча ошаётганидан хабарим бор. Бу эса интриганинг ортишига хизмат қиладиган омил ҳисобланади.

- Жасур Жалолиддинов билан ўртангизда алоқа сақланиб қолганми? Ахир уни Россияга сиз олиб келгандингиз...

- Йўқ, йўқ! Жасур Жалолиддинов ўз йўлидан боришга қарор қилган. Шу сабабдан ҳам у билан бошқа ҳамкорлик қилмасликка аҳд қилдим. Чунки юқорида Россияга келган пайтда унинг атрофида «ақилли маслаҳатчи»лар жуда кўпайиб кетганлигини яхши билардим. Ўшанда «Локомотив»да унга жуда яхши маош тайинланганди. Афтидан, бундан ҳаволаниб кетган Жасур бўлди, мен анча шаклланган футболчига айландим, деган нотўғри хаёлга борган. Мен буни Жасурни танқид қилиш мақсадида эмас, балки афсус маъносида гапиряпман. Нафақат Жалолиддиновда, балки бошқа кўплаб ёш футболчиларда ҳам мана шундай ҳолатлар кузатилиши бор гап.

- Юрий Викторович, ҳозирда нима иш билан банд­сиз?

- Ўзимга қарашли консалтинг компаниям бор, у ёш иқтидор эгаларини кашф этиш билан шуғулланади. Компаниядан ташқари телевидение билан ҳам ҳамкорлик қилиб келаман. Мени тез-тез футбол мавзусидаги кўрсатувларга таклиф қилиб туришади. Умуман айтганда, ишларим жуда кўп. Фаолиятим тўлалигича футбол билан боғлиқ. Бўш пайтим жуда кам бўлади.

Шуҳратбек Жўраев суҳбатлашди

 

Bahrom Parpiyev

Bahrom Parpiyev

Lorem ipsum dolor sit amet, consectetur adipisicing elit. Animi autem blanditiis deleniti inventore porro quidem rem suscipit voluptatibus! Aut illum libero, praesentium quis quod rerum sint? Ducimus iure nulla totam!