Маълумки, 12 май куни юртдошимиз Нурсултон Рўзибоев UFCда 3-жангини ўтказади. У ярим ўрта вазн тоифасида рейтингда 11-ўринда қайд этилган, америкалик Хоакин Бакли билан жанг қилади. Бакли Импа Касанганай устидан фаолиятидаги энг чиройли ғалабасини қўлга киритганидан сўнг, Sports.uz сайти учун махсус интервью берган эди. Бу суҳбатни уюштиришга асли ўзбекистонлик бўлган ва оилавий АҚШда истиқомат қилувчи Муродбек Чориев ёрдам берган эди. Маълумки, Муродбек ҳам маҳоратли ММА жангчиси ва у Хоакин Баклини яқин дўсти бўлади. Биз ушбу ҳамюртимиздан Нурсултон Рўзибоев ва Хоакин Бакли қарама-қаршилиги ҳақидаги фикрлари билан қизиқдик.
- Яхши биласиз, Хоакин билан бирга машғулотлар ўтказамиз ва яқин дўстим ҳисобланади. Нурсултон ака билан ҳам яқиндан танишишга муваффақ бўлдим ва ҳамюртим ҳисобланади. Ҳар иккиси ажойиб жангчилар. Нурсултон Рўзибоевнинг қўллари узун ва бу унинг фойдаси учун хизмат қилади. Хоакинда эса битта зарбада нокаут қилувчи куч мавжуд. Албатта, бу жангда ғалаба кимнинг тактик режаси яхшироқ эканлигига боғлиқ бўлади. Ғалаба ҳар икки томонга ҳам кетиши мумкин. Ким ғалаба қозонишини ўша куни билиб оламиз. Шуни айтишим мумкин-ки, ажойиб жанг бўлади!