Иорданияда спорт курашлари бўйича ўсмирлар ўртасидаги Осиё чемпионати қизғин давом этмоқда. Ортда қолган кун спортчилар эркин ва аёллар кураши дастурларининг бир қатор вазн тоифаларида ғолиблик учун гиламга чиқишди.
Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси матбуот хизматининг маълум қилишича, қитъа биринчилигининг кечаги дастурида ҳамюртларимиз 1 та кумуш ва 3 та бронза медалларига сазовор бўлдилар. Қуйида совриндор бўлган ҳамюртларимиз билан таништириб ўтамиз:
Кумуш медаль:
-80 кг: Бунёд Руфатов
Бронза медаль:
-43 кг: Машҳура Абдумусаева
-65 кг: Муҳайё Раҳимжонова
-65 кг: Дониёр Ибрагимов
Шу тариқа, курашчи қизларимиз жорий мусобақани 1 та олтин ва 3 та бронза медаллари билан якунлашди. Бугун эркин кураш усталари ўртасидаги баҳслар билан U17 ёш тоифасидаги беллашувлар ниҳоясига етади. Дастурга кўра, 27 июндан 23 ёшгача бўлган спортчилар қитъа чемпионлиги учун курашни бошлашади.