Унинг менежери Вадим Корнилов Муроджон Аҳмадалиевнинг мағлубияти ҳақида фикр билдирди.
«Буни қабул қилиб бўлмайди. Боксда бундай ҳолатларга йўл қўйиб бўлмайди. Айримлар шикоятга ўрин йўқ, жанг рақобатга бой бўлди демоқда. Бироқ биз кўплаб экспертлардан жангни таҳлил қилишни сўрадик ва уларнинг барчаси бир неча раундни бир овоздан Аҳамадалиевга берди. Яъни, у камарни ҳимоя қилиш учун етарлича иш қилганини айтишди. Қарор борасида WBA, IBF ва Техас атлетика комиссиясига шикоят киритмоқчимиз. Айни вақтда бунинг учун керакли ҳужжатларни тўплаяпмиз. Реванш ўтказилишини талаб қиламиз», — дейди Корнилов.
«Жангдан кейин ўзимни жуда ёмон ҳис қилдим. Танам ҳаракатда, бироқ ичимда ҳеч қандай ҳаёт йўқ эди. Ҳаммаси бир лаҳзада барбод бўлди.
Ҳеч қачон жангдан кейин ўзимни оқлашга ҳаракат қилмаганман. Жангдан кейин қўлим кўтарилмадими, демак, ютқазганман. Бироқ кийиниш хонасида жамоадошларим кириб келди, менежерларим ва мураббийларим шундай деди: «Муроджон, кўз ёшингни арт. Камарларингни ол, уйингга бор. Сен ютқазмадинг!».
Ҳа, бошланғич раундларда бир нечта кучли зарба ўтказиб юбордим, бироқ 4-раунддан кейин мувозанатни тикладим. Жангни такроран кўриб чиқдим ва ғалаба учун етарли нарса қилганман деб ўйлайман. Менимча, улар ғалабага муносиб эмас. Мутлақ чемпионлик учун жангга бир қадам қолганда мени бундан маҳрум қилишлари керак эмас эди», — дейди Аҳмадалиевнинг ўзи.
Эслатиб ўтамиз, иккинчи энг енгил вазн тоифасида собиқ WBA ва IBF чемпиони Муроджон Аҳмадалиев Марлон Тапалесга қарши жангида ҳакамлар қарори (115:113, 115:113, 110:118) билан камарларни бой бериб қўйганди.