Language:

Поиск

Муносабат: Футболда тизим тўғри ишласа, бас

  • Share this:
post-title

 Тизим тўғри ишласа, футболга инвестиция киритаётган ҳар қандай тадбиркор қўллаб-қувватланиши керак. Акс ҳолда, оғирлик ҳокимият бўйнига, аниқроғи, одамларга тушишда давом этади, барибир. Бунда давлат корхонаси берадиган тайёр пулга ўрганиб қолган кишилар клуб тепасига келиб, «Давлат футболга пул ажратмаса, у ўлиб қолади» қабилида баёнотлар билан чиқишади. Улар халқни автопром монополиясидан халос этиш масаласида қайғурмайдилар, балки монопол шундай ташкилотни футбол клубига бириктириб олиш ҳақида ўйлайдилар. Шуниси осонроқ.

*** 

- «Олимпик» лойиҳаси атрофидаги гап-сўзларни бир четга суриб фикрласак (бу ҳақда кейинроқ), у яхши бир ҳақиқатни исботлай олди: катта харажатсиз ҳам яхши жамоага асос солиш мумкин! Ўзбекистон иқтидорларга тўла, кам маош эвазига бўлса-да, ўзларини кўрсатишга тайёр ёшлар кўп. Уларга тўла-тўкис имконият берадиган тизим қуришда эса муаммолар бор. «Андижон» клублари учун бугун 2та футбол мактаби мавжуд: БЎФМ ва ФММ. Улар вилоят футболининг эртаси. БЎФМ асосий клуб учун, ФММ «Андижон SGS» учун хизмат қилиши кўзда тутилган. Яхши тарафи ҳар икки мактаб давлат томонидан молиялаштирилади. Аммо бу кам. Улар яхши даражага чиқиши учун клуб россиялик бирор мутахассисни жалб қилиш ҳақида эмас, шу мактабни ривожлантириш масаласида бош қотириши шарт. Келажак учун инвестиция яхшироқ самара беради. Асосий жамоа натижалари йўлида қурбон қилинган миллиардлар вилоят футболига ҳеч нарса бермаганини мухлислар бугун яхши ҳис қиладилар (мухлислик борасида уларга фақат ҳавас). Ўтган йилнинг энг катта йўқотиши — тадбиркорнинг клубдан кетиши. Унинг ёрдамида ишчи-ходимлар маошини қоплаш, вилоят ҳокимлигининг кўмаги билан эса инфратузилмани ТОП-даражага олиб чиқиш мумкин эди. Бироқ тизим тўғри бўлмас экан, берилган ваъдалар ваъдалигича қолиб кетади. Охир-оқибат, юқоридаги гап — барчаси барибир, ҳокимлик (халқ) бўйнида қолади. «Андижон»даги дўстларимиз бизни янада яхшироқ тушунишлари учун «Динамо»ни мисол қиламиз. 2022 йили унинг бюджетида муаммо бўлгани йўқ. Бироқ профессионал клуб бўлишдан кўра, ўткинчи натижанинг кетидан қувиш клубни Суперлигадан узоқлаштирди, барибир. Агарки пули бор жамоа шундай яшаётган бўлса, қарзи тошиб ётган клуб янада қийналиши, шубҳасиз. 

Айтайлик, «Бунёдкор» шу «Динамо»никидан кам маблағ эвазига кузга келиб вазиятдан чиқиб кетди. Чунки унда суяниши мумкин академияси бор. Ваҳоланки, тайёр пули ва мактаби бор шу клуб ҳам сўнгги 3 йил давомида ўз тарихидаги энг ёмон натижаларни қайд этди. Айримлар буни маблағ камлиги билан изоҳлашга уринишди. Бироқ бу ёлғон маълумот эканини яхши биламиз. Тайёр бириктирилган ҳомийдан келаётган маблағдан унумли фойдаланолмайдиган томон, яна бир шундай корхонани бириктириб берганингизда ҳам катта ўзгариш қилмайди. Биринчи навбатда, ўлчовларимиз ва қарашларимизни ўзгартиришимиз, футбол жамоатчилиги аниқ хулосаларга келиши учун муаммоларни очиқ айтишимиз керак. Лоф тўқишга қанча уринманг, «Турон» ва унинг кетидан секин-аста бош кўтариб келаётган хусусий клублар ҳақиқатни айтишга уриняпти. Тайёр пулни истаётганлар эса айнан шундай клублар оёққа турмасидан уларни синдириши турган гап. Чунки минг ҳаракат қилиб, тежаб, тергаб футболга 100 сўм тикасиз, рақиб эса ҳеч бир меҳнат ва изланишсиз давлатнинг 1000 сўми билан қаршингизга чиқиб келаверади. Бундан ким ютади? Футболми? Йўқ, адашасиз, бундан фақатгина тор доирадаги одамларгина манфаат кўришади. Профессионал футбол клубларини сун-ъий йўл билан ташкил қилганимиз бадалини тўлашда давом этаверамиз.

Суперлига ва Про лигадаги «Андижон» клубларини диққат билан кузатишимиз шарт. Улар бизга яхши хулосалар беради. Бу икки клуб ҳеч қачон келишмаслиги ва аксинча, бир-бирига жиддий рақиб бўлиши шарт. Афсуски, бунда иккинчи томоннинг пул ва имкониятлари камроқ. Ютуғи эса — пул ўзиники. Футболнинг эртаси шундай клублар бўлиши керак, бирор корхонани бириктириш пайидаги клублар эмас.

***

- «Истиқлол» жамоаси Биринчи лигага қайтиши мумкин. У Лига қатнашчилари сафидан чиққани билан аъзолигидан чиқиб кетмаган. Ҳаммаси ростмана ҳал бўлса, Лига расмий сайтида эълон қилинади. «Оқ-тепа», «Обод» каби клубларни ҳам Биринчи лигада кўришни истардик, албатта. Биринчи лиганинг ҳар қандай клуби профессионал клуб талабларини бажарганида, Про лигага кўтарилиши мумкин. Биринчи лига ҳақида гап кетганида, яна бир масалани айтиш мумкин, агар ҳаммаси шу йўсинда давом этса, лига бир ёқимли жамоа билан бойиши катта эҳтимол.

*** 

- 6 январь куни «Сурхон» ПФК МЧЖ устав фондидаги давлат улушини сотиш масаласига ва ниҳоят, имзо чекилди. Мазкур имзони салкам бир йил кутишга тўғри келди. Эндиликда Сурхондарё вилояти ҳокимлиги қисқа муддатда «Сурхон» ПФК МЧЖ фаолияти юзасидан тезкор мустақил аудит текшируви ўтказиб, аниқланган кредитор қарздорликни бартараф этиши ҳамда унинг устав фондидаги давлат улушини номинал (баланс) қийматда харидорга берилишини таъминлаши керак. Лигада елкама-елка хизмат қилаётган дўстларимнинг барчасидан ҳар қандай ҳолатда ҳам қонун-қоидалардан четлашмасликни талаб қиламан. Бош ҳамиша тик туриши учун бу жуда муҳим. Талаб ҳаммага бир хил бўлиши шарт. «Сурхон» клубининг собиқ раҳбарларини спорт принципларини уятсизларча бузган шахслар сифатида эслаб қолганмиз. Вақт шавқатсиз. Бугун ўша инсонлар футболдан буткул узоқда, аммо футбол ўша ишлар оғриғини ҳозир ҳам ўз танасида ҳис қилади. Ҳар бирида 12тадан жамоаси бор икки ажойиб лигага эга бўлишимиз ва ҳозиргидан икки марта яхшироқ Про лига билан янада олдинда бўлишимиз мумкин эди. Аммо тор доирадаги кишилар манфаати кенг кўламли ислоҳотларни барбод қилишга йўналтирилади. Шахсий манфаатлар умумникидан устун турмаслиги керак.

Сурхондарё иқтидорларга бой. Элдор Шомуродов бунга яққол мисол. Бу ерда футболнинг ашаддий мухлислари бор. Улар яхши савиядаги клуб, ажойиб стадион, ҳавас қиларли инфраструктура ҳамда кучли футбол академиясига муносиблар. Лига «Сурхон»га шуни раво кўраётгани учун ҳам қанча оғир бўлмасин, айрим чекловларни киритиб келмоқда. Ваҳоланки, биз жамоа ўз мухлислари кўз ўнгида тўп суришини уни сўнгги 4 йилда бошқарган ҳар бир кишидан уч марта кўпроқ истаймиз. Маълумот учун, аввалги «Сурхон»ни тарихдан ўчириб, янгисини Суперлигада ўйнатиш учун турли кишилар ҳаракат қилиб кўришди. Улар орасида футболимиз юзлари ҳам бор. Бироқ бугунги Лига ҳаммаси ФИФА белгилаб берган аниқ қоидалар ва регламентлар асосида бўлишини талаб қила оладиган кучга эга. Лига номидан сурхондарёлик минглаб мухлисларга сабрлари учун миннатдорчилик билдирамиз. Ишонамизки, энди ишлар бир қадар тартибга келади. «Сурхон» ўз аренасида ўйнаши Лигага эмас, вилоят ҳокимлиги ҳамда унинг бўлажак янги эгаларига боғлиқ эканлигини маълумот учун айтиб кетамиз.

«Сурхон» 2022 йилги мавсум давомида ўзининг бўлажак эгалари ёрдамида Суперлигада иштирок этди. Эндиликда Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ҳамда FC-SURHAN МЧЖ Термиздаги стадионни балансга ўтказиш ёки узоқ йилга ижарага бериш масаласида келишувга эриша олса, МЧЖ стадионни қайта таъмирлаш ва уни талаб даражасига келтириш учун инвестиция киритиши мумкин. Янги МЧЖ Сурхондарё футболини янги босқичга олиб чиқиш учун инвестиция киритишни мақсад қилган, вилоят ҳокимлиги чекига эса «Сурхон» ПФК МЧЖнинг шу вақтгача бўлган қарздорлигини бартараф этиш мажбурияти юклатилган.

Диёр ИМОМХЎЖАЕВ

 

Bahrom Parpiyev

Bahrom Parpiyev

Lorem ipsum dolor sit amet, consectetur adipisicing elit. Animi autem blanditiis deleniti inventore porro quidem rem suscipit voluptatibus! Aut illum libero, praesentium quis quod rerum sint? Ducimus iure nulla totam!