Бугун аёллар ўртасида Париж-2024 Олимпия ўйинларининг Осиё минтақаси саралаш босқичи “А” гуруҳи учрашувлари олдидан жамоалар бош мураббийлари ва футболчилар иштирокида матбуот анжумани ўтказилади.
Мидори Хонда
Саралаш босқичи ҳақида:
Биз бу ўйинларга қадар бир йил мобайнида ўқув-машғулот йиғинларини ўтказдик. Ўртоқлик учрашувларида майдонга тушдик. Умуман олганда, бу босқичга етарлича тайёргарлик кўрдик, деб ўйлайман.
Рақиблар ҳақида:
Рақибларимизни ўрганиб бордик ва футболчиларга улар ҳақида маълумотлар бериб келдик. Хорижда тажрибали жамоаларга қарши ўйин ўтказдик. Доимий равишда ўйинимизни таҳлил қилиб бордик. Бу ўйинлар бизга мазкур босқичда ёрдам беради.
Рақибларимизни кучсиз ҳисобламаймиз. Менда рақибни менсимаслик, деган тушунча йўқ. Хусусан, қизларимиз ҳам бундай фикрда эмас. Улар бу ўйинларда рақибларни ҳурмат қилган ҳолда майдонга тушадилар.
Таркиб ҳақида:
Бизда йўқотишлар йўқ. Жароҳат олганлар ҳам секин-асталик билан таркибга қайтмоқда. Ўйинларга тайёрмиз. Фурсатдан фойдаланиб барча юртдошларимизни қизларимизни қўллаб-қувватлаш ва мотивация бериш учун учрашувларга таклиф қилиб қоламан.
Камила Зарипова
Саралаш босқичи ҳақида:
Мураббий айтганидек, саралаш босқичига қадар биз етарли тайёргарлик кўрдик деб ўйлайман. Хорижда ҳам ўқув-машғулот йиғинларини ўтказдик ва кўплаб кучли жамоаларга қарши ўйнадик.
Жамоанинг ички муҳити ҳақида гапирсам, ҳаммаси яхши ҳолатда. Биз бир-биримизни қўллаб-қувватлаган ҳолда ҳаракат қилмоқдамиз. Барча ўйинларда ғалаба қозонишни мақсад қилганмиз.