Language:

Поиск

Легионерларимиз: Энди «Специя»ни кузатамиз

  • Share this:
post-title

Олдинроқ «А» серия аутсайдерларидан бири бу муддат учун «рома»га 1,5 миллион евро тўлаши ҳақида хабар берилганди. Бироқ ижара шартномасининг бошқа тафсилотлари расман эълон қилингани йўқ ҳозирча. Фақат шуниси тайинки, «Специя»да мавсум якунида Шомуродов трансферини тўлиқ сотиб олиш мажбурияти йўқ. Нима бўлишидан қатъий назар, энди ушбу камтарин клубга асло бефарқ қарамаймиз.

* Айрим манбаларда ёзилишича, «Рома» ва «Специя» ўртасида Шомуродов ижараси бўйича тузилган шартнома суммаси 1,5 миллиондан 2,4 миллион еврога етиши мумкин. Бунда ҳамюртимизнинг янги клубда қайд этадиган шахсий натижалари инобатга олинади. Яъни Элдор қанча яхши статистикага эришса, «Специя» шунча кўп тўлайди. Бундан ташқари, клуб ҳамюртимизнинг ярим йиллик маошини ўз зиммасига олди. Специяликлар «Рома»нинг бу каби шартларини қабул қилиш ҳисобига Элдорга даъвогарлик қилган бошқа клублардан устун келишгани айтилмоқда.

* Элдор Шомуродов «Специя»да 14-рақамли футболкани олди. Эслатма, у «Рома»да ҳам шу рақам остида ўйнаётганди. Таъкидланишича, «Специя»да «14» бўш эди.

* Италия чемпионати «А» серияси биринчи даврасидан сўнг «Специя» ҳисобида 18 очко бор ва жамоа турнир жадвалининг 17-поғонасида бормоқда. Лука Готти шогирдлари ҳозирга қадар 17та гол уриб, 32та қўйиб юборишди. «А» серияда голлар сони бўйича энг паст натижалардан бири айнан «Специя»га тегишли (фақат «сампдория»даги голлар қамроқ - 8та, шунингдек, «Верона»да ҳам 17та гол бор). Демак, Элдордан «Специя»нинг маҳсулдорлигини яхшилаш талаб этилади. Шомуродов янги жамоасидаги дебютини 5 февраль куни нишонлаши мумкин. Специяликлар шу куни ўз майдонларида чемпионат пешқадами «Наполи»ни қабул қилишади. Ўйин Тошкент вақти билан соат 16:30да бошланади.

* «Рома» душанба куни 27 ёшли футболчи билан 6 ой муддатга хайрлашганини ўзининг расмий сайтида расман эълон қилди ва унга янги клубида омад тилади. Маълумот учун, Элдор жорий мавсум Рим клубининг атиги 8та ўйинида майдонга тушиб, жами 151 дақиқа ҳаракатланди. 

* Шомуродовнинг ўзи янги клубга кўчиб ўтгани борасида «Инстаграм»даги саҳифасида қисқача изоҳ қолдирди: «Янги чақирув». Чиндан ҳам, «Специя»даги ижара мудадти миллий жамоамиз сардори учун янги чақирув ва ўзгача тажриба ҳисобланади.

* «Специя» аллақачон Шомуродовни ўз футболчиси сифатида «А» серия рўйхатига киритди. Буни ташкилот расмий сайти ҳам тасдиқлади. Шундай экан, ҳамюртимизнинг янги жамоада ўйнашига тўсқинлик қиладиган ҳеч нима йўқ. 

* Италиялик таниқли журналист Бруно Лонги Radio Sportiva мухбири билан суҳбатда Шомуродов ўйин услуби бўйича «Специя»га жуда мос тушишини таъкидлади: «Элдор «Рома»даги ўйинлари билан чакки таассурот қолдиргани йўқ. Ҳар ҳолда, унинг ҳаракати шахсан менга ёқарди, дейлик, бир қатор учрашувларда голлар ҳам урди. Ўйлайманки, Шомуродов ўз ўйини билан «Специя» услубига осонгина мослашади».

Россия футболи ёрқин юлдузларидан бири, вақтида Италиянинг «Фоджа» ва «Болонья» жамоаларида ўйнаган собиқ ҳужумчи Игорь Коливанов ҳам «Матч-ТВ» журналистларига берган интервьюсида шу мазмунда муносабат билдирди: «Шомуродов «Рома»да ўйин амалиётисиз қолди. Буёғига кўпроқ ўйнашига умид бор. «Специя»га ўтгани ортга ташланган қадамми? Футболчи ўйнамаган даврда даражаси пасайиши турган гап. Лекин Элдор етарли даражада кучли ҳужумчи. Фақат энди кўпроқ ўйнаши керак. Менимча, у «Специя»га ёрдам бера олади. Табиийки, мусобақа жадвалида сўнгги поғоналардан бирида бораётган жамоа билан ижобий натижа қайд этиш қийин. Ҳар қандай ҳолатда ҳам, захирада ўтиргандан шу вариант маъқулроқ. Шомуродов кейинчалик «Рома»да юқори даражада ўйнай оладими? Ўйлашимча, бунинг учун имконияти етарли. У ҳали ёш ва Италия чемпионатида янада ўсиш учун зарур фазилатларга эга. Элдор учун энг ассоийси - майдонда нима қила олиши, хусусан, гол уришни билишини тезроқ эслаш. Агар диққатини бир жойга жамлаб, юқори савияли ҳужумчи эканлигини кўрсатиб, голлар ура бошласа, яна «Рома»да ўйнаши ёки бошқа қудратли клублардан таклиф олиши мумкин. Умуман, Элдор ижара вариантини танлаб, тўғри йўл тутди. Ҳужумчи ҳар доим майдонда ўйнаши шарт».

* «Специя» 2020 йилнинг октябрида Италия футболига юзланган Элдор учун Италиядаги 3-жамоага айланди. Ҳам­юртимиз бунга қадар «Женоа»нинг 32та ўйинида 8та гол ва 2та ассист, «Рома»нинг 48та ўйинида эса 6тадан гол ва самарали узатма қайд этганди. 

* Шомуродовнинг агенти Қаҳҳор Мўминов мижози Италия чемпионатидан Россияга қайтиш вариантини кўриб чиқмаганини алоҳида таъкидлади. «Йўқ, Элдор қишда РПЛга қайтишни асло ўйлагани йўқ. У Италияда қолмоқчи эди», - дея Мўминов сўзини келтирди RIA Novosti агентлиги.

 

Bahrom Parpiyev

Bahrom Parpiyev

Lorem ipsum dolor sit amet, consectetur adipisicing elit. Animi autem blanditiis deleniti inventore porro quidem rem suscipit voluptatibus! Aut illum libero, praesentium quis quod rerum sint? Ducimus iure nulla totam!