Бу ҳақда ПФЛ раҳбари Диёр Имомхўжаев «Телеграм»даги каналида маълумот берди. У шунингдек, АГМК яқин орада «Насаф» каби лойиҳага айланишидан умидвор эканлигини билдирди.
***
- Ҳамма вақт ҳам биз тўғри деб билаётган йўналишда юришнинг иложи йўқ. Чунки ўз йўналишини тўғрироқ биладиган бошқалар бор ва улар қарор қабул қила оладиган кучга эгалар. Нимаики бўлмасин, ўз ўлчовларимиз нисбатан тўғрироқ эканлигига тўла ишонамиз ва курашишда давом этамиз. Ҳозирча қўлимиздан шу келади.
***
- «Футбол-ТВ» тахминан 5,5 йил фаолият кўрсатди ва трансляциялар масаласида жуда катта ўзгаришлар қила олди. Канал рақобат масаласида қийин даврни бошидан ўтказган бўлса-да, ўзига хос тарих ёзди, барибир. Буёғига интернет- трансляциялар асосий масалага айланиб бораверади. Футбол ҳам шуни кутишга мажбур. Жаҳон футболидан майдонда эмас, айнан техника ва технологиялар масаласида анча ортда қолиб кетяпмиз.
***
- ПФЛ ўтган йиллар давомида аёллар ўртасида Олий лига, Биринчи лига, кубок ва Суперкубок учрашувларини ўтказиб келди. 2023 йилдан буларнинг барчаси билан ЎФА шуғулланади. Бутун дунёда шундай. Сўнгги 3 йилда:
— аёллар жамоаларидан бадал пули олмайдиган бўлдик;
— йиллик тақдирлаш маросимида аёллар ва эркаклар совринлари даражасини максимал даражада тенглаштирдик;
— 2та аёллар жамоасини ОФК лицензиялашидан муваффақиятли ўтказдик ва бу ишни бажарган Осиёнинг 4та давлатидан бирига айландик;
— клублар қошида аёллар U-16 жамоасини ташкил қилишга эришдик;
— аёллар футболининг муҳим беллашувларини интернет орқали трансляция қилишга ўтдик.
Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда ФИФА аёллар футболини ривожлантириш лойиҳаси бўйича Ўзбекистонга маълум миқдорда пул ажратишга қарор қилди. Бизнингча, ўтган йиллар давомида Лига бу борадаги вазифаларни ҳаминқадар бажаришга эришди. ЎФА имкониятлари нисбатан кенгроқ эканлигидан келиб чиқсак, аёллар футболи янада яхши даражага чиқишига ишонамиз.
***
- АГМК 2023 йилги мавсум сўнггига қадар «Насаф» сингари лойиҳага айланади. Яъни ўз стадиони, академияси ва базаси мавжуд бўлган футбол клубига. Январь ойида АГМК стадиони майсаси ҳамда дренаж тизимини алмаштириш, прожекторларни 2100 люксга етказиш ишлари бошланади. Катта эҳтимол билан апрель ойида стадион ўйинларни қабул қилишга тайёр бўлади. Март ойида клуб уй учрашувларини «Жар» стадионида ўтказиши мумкин. ОКМК спорт мажмуаси клуб учун узоқ йилга ишончли бошқарувга берилади. Шунингдек, клуб академиясини қуриш ишлари бошланади. Академия Тошкент ва водий ўртасида жойлашгани катта ютуқ. У Ангрен, Оҳангарон, Олмалиқ шаҳарлари учун жуда қулай жойда барпо этилиши режалаштирилган.
АГМК август ойида ОЧЛ саралашидан муваффақиятли ўтса, гуруҳ босқичига йўлланма олади ва газони талабга жавоб берадиган стадионда уй учрашувларини қабул қилади.
ОКМК раҳбарига илиқ ва самимий учрашув учун миннатдорчилик билдирамиз. Вақт ўта зиқ фаолияти давомида ҳам адабиёт, тарих ва илмга вақт ажратадиган шахслар доим ҳурматга лойиқлар.
***
- Янги йилга нимадир сўраш бошланибди... УЕФА ва ФИФА Россияга уруш сабабли санкциялар киритди. Энди бу икки ташкилот Россиянинг ОФК аъзосига айланишига қаршилик қилмаяпти. Кимдир ўзига раво кўрмаётганини бизга беришга тайёр. Бу биринчи абсурд. Муаммодан қочиш эмас, уни ечиш керак. Россия ечмаяпти, бунинг учун уруш тўхтатилиши керак. Россия футболда қочяпти. Бу иккинчи абсурд. Чунки УЕФАдан кетиб, ОФК тасарруфига қўшилиш бу олдинга эмас, ортга ташланган қадам. Россия ОФК аъзосига айланса, география қанчалик кенгайишини тасаввур қилиб кўринг: энг шимолий мамлакат — Россия ва энг жанубий мамлакат — Австралия бизнинг қитъада бўлади. Бу энг катта абсурд, чунки ҳеч қайси конфедерацияда масофа бу қадар катта эмас. Бизга фақат 1та хаёл — УЕФАда 1та ўрин бўшаётгани тинчлик бермаяпти. Ғарбий Европа масофа нуқтаи назаридан буни истамаслиги катта эҳтимол. Бироқ бартер кўзи билан қаралса, ҳеч бўлмаганда, хаёл қилишга ҳаққимиз бор. Биласизми нима, агар ҳамма мезонлар тўғри ишласа, спорт сиёсатдан узоқда туриши керак. Чунки кимлардир конкрет принципларда туролмаётгандек тасаввур уйғонмоқда, барибир.
Диёр ИМОМХЎЖАЕВ