Дунёнинг 81 та мамлакатидан 500 нафардан ортиқ спортчи қатнашган мусобақада ўзбекистонлик Муҳриддин Тиловов ва Обидхон Нўмонов ўз вазн тоифаларида чемпионликни қўлга киритди. Ўзбекистон жамоаси жами 2 та олтин медаль билан умумжамоа ҳисобида фақатгина Жанубий Корея ва мезбон – Португалиядан ортда қолди.
Ўзбекистон вакиллари умумжамоа ҳисобида Осиё жамоалари орасида Қозоғистон ва Япония каби номдор мамлакат спортчиларидан ҳам устун келди.
Париж Олимпиадаси учун муҳим рейтинг баллари ўйналган Алмада турнирида эришилган натижа эвазига ўзбекистонлик дзюдочилар 700 рейтинг очкосига ҳам эга бўлди.
Жанубий Корея 4 та олтин, 1 та кумуш, 1 та бронза медали билан умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллади. Мезбонлар 2 та олтин, 1 та кумуш медаль билан иккинчи ўринни банд этишди. Қозоғистон ва Япония терма жамоалари кучли бешликка якун ясаб беришди.