Мутахассис 2002 йилнинг 7 май куни ўзи мураббийлик қилаётган Киевнинг “Динамо” жамоаси ўйини вақтида тез ёрдам машинаси томонидан шифохонага олиб кетилган ва орадан олти кун ўтиб, 13 май куни вафот этган. Қуйида бир неча авлод футболчиларини тарбиялаган ва Роналдони танқид қилган “полковник” лақабли мураббий ҳақида сўз боради.
“Полковник ёмон аҳволда!”
Лобановский ўзининг охирги мавсумини футболчи сифатида ҳам, мураббий сифатида ҳам энг яхши йилларини ўтказган Киевнинг “Динамо” жамоасида бошлаганди. Мутахассис БАА ва Кувайтдаги фаолиятидан кейин 1996 йилда яна бир бор Украина жамоасига қайтди ва клубни вафот этгунига қадар бошқарди.
2002 йилнинг 7 май кунида “Динамо” сафарда Запорожье шаҳрининг “Металлург” клубига қарши ўйин ўтказган. Захира ўриндиғи яқинида турган журналистлардан бири 63 ёшли Лобановскийнинг юзида қизил доғлар пайдо бўлаётганини пайқаган. “Мен врачга, полковник ёмон аҳволда, деб бақирдим”, — дея эслайди мухбир. Мураббийни СССР вақтида олган ҳарбий унвони сабаб “полковник” деб чақиришарди.
Клуб шифокори етиб келди, лекин Лобановский клуб билан бирга бўлиши кераклигини ва уйга “Динамо” билан учиши шартлигини айтиб, шифохонага боришдан бош тортди. Трибунада маҳаллий касалхонанинг бош шифокори ҳам бор эди. У майдонга тушди ва мураббийни тиббий ёрдам олишга кўндиришга уринди. Тез ёрдам машинаси келди. Мураббийга бор-йўғи бир тун текширув учун шифохонада қолишига ваъда берилди.
Кадрлардан кўриш мумкинки Лобановский ҳамкасблари ёрдами билан бўлса ҳам машинага ўзи чиққан. Мураббийни шифохонагача “Динамо” жамоаси администратори кузатиб борган. Унинг сўзларига кўра, мутахассиснинг аҳволи тез ёрдам машинасида ёмонлашган, Вася исмли одамни чақиришни бошлаган ва Киев жамоаси ўйинидаги хатолардан шикоят қилган.
Касалхонада Лобановскийга инсулт ташхиси қўйилган ва шошилинч операция қилинган.
“Қозон”нинг ичида 33 йил
Валерий Лобановскийнинг соғлиғи билан боғлиқ муаммолар аввалдан маълум бўлган. Ҳамкасблари мутахассис эндигина 55 ёшга кирган бўлса ҳам Яқин Шарқдан қариган ва вазн йиққан ҳолда қайтганини пайқаганди. Олдин мураббий доимо соғлом бўлган ва спорт формасини яхши сақлаб келган.
Лобановский 2001 йилнинг кузида инфарктга учради. Шу сабабли мураббий мавсум охирида “Динамо”нинг Чемпионлар Лигасидаги барча сафар ўйинларини ўтказиб юборишга мажбур бўлди. Докторлар касаллик қайталанмаслиги учун унга самолётда учишни тақиқлади. Уйдаги ўйинларга ёрдамчилари кўмагида борарди ва ишни тўхтатишни қатъиян рад этганди.
Инсултга чалинишидан икки ой аввал айнан Запорожьенинг “Металлург”ига қарши ўйиндан кейин Лобановский сўнгги матбуот анжуманини ўтказган.
Мен футболда 33 йилдан бери тўхталишсиз ишлаб келяпман. Баъзи мураббийлар, бошқа чидай олмайман, дам олишим керак, бу “қозон”да бошқа қола олмайман, дейди. Аммо гап шундаки, биз “қозон”нинг ичида эмасмиз. Ўйинга икки минггина томошабин келади, буни “қозон” деб қандай аташ мумкин?, — деганди мутахассис.
Бироқ кейинроқ журналистларнинг босими остида у ҳам “темир эмас”лигини айтганди.
Киев тизими
Лобановски 1955 йилда Киевнинг “Динамо” жамоаси тизимига келган. У бор йўғи 16 ёшда эди, жамоага эса фақатгина Киевда туғилганлар жалб этиларди. Клуб таркибида 1961 йилда СССР чемпиони бўлган Валерий уч йил ўтганидан кейин мамлакат кубогида ғолиб чиққан. Ҳамма унинг ҳужумдаги сифатларини таъкидларди. Унда ажойиб дриблинг ва бурчак зарбасидан тўғридан тўғри гол уриш қобилияти бор эди.
Валерий Лобановски мураббийлик фаолиятини “Днепр” жамоасида бошлаган ва клубни иккинчи лигадан олий лигага олиб чиққан. 1973 йилда 34 ёшли мутахассис “Динамо Киев”га таклиф қилинган ва кейинги 15 йил давомида саккиз марта СССР чемпионлигини, олти марта СССР Кубогини, 1975 ва 1986 йилларда икки марта Кубок эгалари Кубогини ҳамда бир марта УЕФА Суперкубогини қўлга киритган. Собиқ иттифоқ жамоаларининг ҳеч қайсиси бу натижага яқин кела олмаган.
СССР терма жамоасида эса Лобановскийнинг ишлари силлиқ кечмади. 1976 йилги Олимпиадада қўлга киритилган бронза медалига у вақтларда ютуқ сифатида қаралмасди. 1982 йилги ва 1986 йилги Жаҳон Чемпионатида жамоа ўзининг ажойиб салоҳиятини рўёбга чиқара олмаганди. 1990 йилги мундиал эса бутунлай муваффақиятсиз бўлганди. Бироқ ундан икки йил аввал 1988 йилги Европа чемпионатида Лобановский қўл остидаги терма жамоа финалгача етиб бориб, Нидерландияга мағлуб бўлганди.
Лобановскийнинг буюклиги фақат натижалар билан ўлчанмаган. У Совет иттифоқида ва Украинада ажойиб футболчиларнинг бир неча авлодини тарбиялаган. Уларнинг уч нафари: Олег Блохин (1975 йилда), Игор Беланов (1986 йилда) ва Андрей Шевченко (2004 йилда) “Олтин тўп” билан тақдирланган.
Бошқа томондан қараганда Лобановский “футбол юлдузи” тушунчасига салбий муносабатда бўлган. Мураббий “юлдузлар ҳар доим жамоавий ўйин бўлиб келган ва шундай бўлиб қоладиган футбол эволюциясини секинлаштириши”ни таъкидлаган. Украиналик мутахассис 1990 йилларда бразилиялик Роналдони кўп марта танқид қилган. “Роналдо? Роналдо такомиллашмаяпти! У фақатгина ўз истеъдодидан фойдаланади. Кейин нима бўлади? Истеъдоди билан икки, уч, тўрт йил ўйнайди ва бўлди”, — деганди украиналик мутахассис.
Шошилинч берилган хабар
Лобановский Запорожьедаги стадиондан шифохонага олиб кетилгач, “Динамо” матбуот хизмати ҳаммани тинчлантиришга ҳаракат қилди.
Баъзи ОАВ Валерий Василевичнинг касалхонага ётқизилгани ҳақида хабар беришга шошилди, аммо бу ҳақиқат эмас. Биз мураббийнинг соғлиғидан хавотир олганингиз учун раҳмат айтамиз ва Метр билан ҳаммаси жойида эканини айтишга шошилмоқдамиз. Биз “Динамо” мураббийи Анатолий Демяненкодан вазиятга изоҳ беришини сўрадик. “Валерий Василевич билан ҳаммаси яхши, қон босими билан боғлиқ кичик муаммолар чиқди, лекин ҳозир у ўзига келди ва жамоа билан бирга Киевга учмоқда”, — деди Демяненко, дейилганди расмий изоҳда.
Бу вақтда Запорожьедаги касалхона бош шифокори Владимир Бурлай Лобановский оғир аҳволда эканини, бироқ кичик умид борлигини маълум қилади. Орадан 6 кун ўтиб, 2002 йилнинг 13 май санасида афсонавий мураббий Валерий Лобановский вафот этади.
Икки кундан кейин Глазго шаҳрида “Реал” ва “Байер” Чемпионлар Лигаси финалида майдонга тушади. Учрашув Лобановский хотирасига 1 дақиқа сукут билан бошланади. Ушбу турнир финалида ўйнаш унинг орзуси эди ва 1999 йилда бунга бир қадам етмай қолганди. “Динамо” ёш Шевченко билан “Бавария”га қарши ярим финалда тўқнаш келган ва аламли тарзда мусобақадан чиқиб кетганди (3:3, 0:1). “Полковник” ўлимидан сўнг Киевдаги стадионга дарҳол унинг номи берилди. Кейинроқ аренага асосий кириш эшиги олдига унинг ҳайкали ўрнатилди. Футболда вафот этишни орзу қилган мураббий ўзи учун қадрли бўлган стадион олдида қолди.
Манба: Daryo.uz