Тадбирда МОҚ Бош котиби Ойбек Касимов мавзу юзасидан ҳисобот бериб, Қўмитанинг яқин режалари хусусида тўхталиб ўтди.
Ойбек Омилович даставвал, ўтган йили бўлиб ўтган Пекин-2022 XXIV қишки Олимпия ўйинлари, Владивосток-2022 Осиё болалари ўйинлари, Конья-2021 Ислом бирдамлиги ўйинларида Ўзбекистон делегациясининг иштироки, унда спортчиларимиз қайд этган натижа хусусида гапирди.
Шундан сўнг, Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги билан ҳамкорликда терма жамоаларнинг Осиё ва жаҳон чемпионатларидаги иштирокини таъминлаш, Президентимиз илгари сураётган соғлом турмуш тарзи ва Олимпизмнинг эзгу ғоялари тарғиботини янада кучайтириш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳақида маълумот берди.
Ҳисоботдан халқаро федерациялар билан олиб борилган ҳамкорлик мавзуси ҳам жой олди. О.Касимов бу борада Саудия Арабистони ҳамда БАА Миллий Олимпия қўмиталари билан ҳамкорлик меморандуми имзолангани, шунингдек, йил давомида Халқаро теннис федерацияси президенти Дэвид Хаггерти, Халқаро дзюдо федерацияси президенти Мариус Визер, Осиё Олимпия кенгаши (ООК) Бош директори, Халқаро сузиш федерацияси президенти Ҳусайн Ал Мусаллам, Халқаро Олимпия қўмитаси Спорт директори Кит Макконел каби расмийлар билан ҳамкорликни янада кучайтириш бўйича бир қатор келишувларга эришилгани ҳақида гапирди.
Қайд этиш жоиз, 2022 йил Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси ўзининг юбилей 30 йиллик байрамини нишонлади. Ушбу тадбир доирасида пойтахтимиз илк бор Осиё Олимпия Кенгаши Ижроия қўмитасининг 77-йиғилишини юқори савияда ташкил этгани ҳам ёдга олинди. Шунингдек, спорт тиббиёти, молия, медиа йўналишлар бўйича ҳам атрофлича маълумот берилди.
Анжуман давомида ОАВ ходимлари Ханчжоу-2022 Осиё ва Париж-2024 Олимпия ўйинларига олиб борилаётган тайёргарлик, терма жамоалар учун яратилаётган шароитлар хусусида ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб олишди.
Ойбек Касимов буларга жавобан ҳукуматимизнинг қўллаб-қувватлаши билан барча жараён тизимли равишда йўлга қўйилгани, Ўзбекистон делегацияси Ханчжоу-2022 Осиё ўйинларида 39 спорт турида 400 нафардан ортиқ спортчи билан иштирок этиши кутилаётгани, “қитъа Олимпиадаси”да дебют қиладиган спорт турлари хусусида маълумот берди.
Қолаверса, Париж-2024 Олимпия ўйинларига тўғридан тўғри йўлланма ва рейтинг очколари берадиган мусобақаларга ҳам алоҳида эътибор қаратилиши, “Тошкент-2025” ёшлар Осиё ўйинларига кўрилаётган тайёргарлик бўйича тўхталиб ўтди.