Бугун, 16 апрель куни ўзбекистонлик профессионал боксчи Иқболжон Холдоров Мексикада навбатдаги жангини ўтказди. Холдоров мазкур жангни биринчи раундидаёқ рақиби Элеазар Валензуэлани мағлуб қилди.
Рефери Холдоровнинг аниқ зарбаларидан сўнг жангни тўхтатишга қарор қилган.
Холдоров профессионал боксдаги дебютини 2021 йилда Тошкент шаҳри мезбонлик қилган бокс оқшомида ўтказганди. Дебют жангида у танзаниялик Кулва Буаҳирига қарши рингга чиқиб, ғалабага эришганди.
Холдоров шу вақтга қадар профбоксда умумий 4 та жанг ўтказиб (3 та нокаут), барча тўқнашувларда ғалаба қозонган. Унинг рақиби Валензуэла эса 56 та жанг ўтказиб, баҳсларнинг 25 тасида зафар қучган (19 та нокаут). 25 жангда эса мексикалик спортчи мағлубиятга учраган. Унинг ҳисобида 6 та дуранг натижа мавжуд.