Олдинда яна бизни бир қатор супер тўқнашувлар кутиб турибди. Қуйида, йил якунига қадар ташкил этилувчи ажойиб жанглар анонси билан таништирамиз.
26 ноябрь (Лондон, Уэмбли Арена)
Диллиан Уайт (Буюк Британия, 28-3, 19 КО) - Жермейн Франклин (АҚШ, 21-0, 14 КО)
Оғир вазн тоифасида ташкил этилувчи ушбу тўқнашувда фаворит сифатида Диллиан Уайт эътироф этилмоқда. Албатта, у тажриба бобида рақибидан устунроқ. Қолаверса, жанг ватанида ўтказилади. Шу жиҳатдан қисман Уайтда имконият юқоридек, аммо Франклин ҳали мағлубиятга учрамаган ва рақибига нисбатан 6 ёш кичик. У 29 ёшда Уайт эса 35 баҳорни қарши олган. Албатта, оғир вазн тоифасида ёш бироз нисбийроқ тушунча ҳисобланади. Шундай бўлсада, ғалабага чанқоқ ва мағлубиятсиз Франклинни яққол "аутсайдер" дейишга шошилмаслик керак назаримда. Қисқаси, қизиқарли жангни гувоҳига айланмиз!
3 декабрь (Тоттенхем Хотспур, Буюк Британия)
Тайсон Фьюри (Буюк Британия, 32-0-1,23 КО) - Дерек Чисора ( Буюк Британия, 31-11,21КО)
Яна бир оғир вазн тоифасидаги қарама-қаршилик ҳам Буюк Британияда бўлиб ўтади ва унда икки британ боксчиси тўқнаш келади. Фьюри ҳамда Чисора ўртасида трилогия ташкил этилади. Ундан аввал улар икки бор баҳс юритишган ва барчага маълумки, ҳар иккисида "Лўлилар қироли" дея эътироф этилувчи, Фьюри ғалаба қозонган. Эътиборли жиҳати, ушбу баҳс WBC чемпионлик камари учун ўтказилади. Мазкур титул эса Тайсон Фьюрига тегишли... Очиғи бу жангда Чисоранинг имконияти жуда паст, десак янглишмаган бўламиз. Бироқ, бу профессионал бокс ва унда мўжизалар бўлиб туради. Айниқса, оғир вазн тоифасида!
3 декабрь (Тоттенхем Хотспур, Буюк Британия)
Даниэль Дюбуа ( Буюк Британия, 15-1,15 КО) - Кевин Ларена (Жанубий Африка 24-1, 11КО)
Фьюри-Чисора андеркардидан ўрин олган, яна бир қизиқарли жанг ҳам оғир вазн тоифасида ташкил этилади. Яъни, мезбон Даниэль Дюбуа Жанубий Африка вакили Кевин Ларена билан куч синашади. Мазкур тўқнашув WBA Regular чемпионлик камари учун бўлиб ўтади. Ларенани уй боксчиси сифатида таъриф этиш мумкин. Чунки,22 та жангини ўз ватанида ўтказган. Албатта, титул Дюбуага тегишли ва даъвогар сифатида Ларена унга қаршилик кўрсатишга уринади. Бир сўз билан айтганда яхшигина савиядаги боксни кузатишимиз мумкин бўлади.
3 декабрь (Буюк Британия, Тоттенхем Хотспур)
Иван Менди (Франция, 42-5-1, 21 КО) - Денис Беринчик (16-0,9 КО)
Енгил вазн (61,2 кг) тоифасидаги ушбу қарама-қаршилик ҳам бокс ихлосмандларини асло зериктириб қўймаслиги тайин. Ушбу баҳс ҳам ўзига хос чемпионлик камари учун бўлиб ўтади. Яъни, ўртага EBU (Европа чемпионлик камари) титули қўйилган.
10 декабр (АҚШ, Омаха )
Теренс Кроуфорд (АҚШ, 38-0,29 КО) - Давид Аванесян (Россия, 29-3-1,17 КО)
Ярим ўрта вазн (66, 7 кг) тоифаси етакчиларидан бири, профессионал бокс оламининг том маънодаги юлдузи Теренс Кроуфорд ўзига тегишли бўлган, WBO чемпионлик камарини кутилмганда россиялик Аванесяндан ҳимоя қиладиган бўлди. Ваҳоланки, у Эррол Спенс билан чемпионлик камарларини бирлаштирувчи жангда рингга кўтарилиши мумкинлиги ҳақида кўп гапирилганди. Албатта, Кроуфорд ушбу баҳсда яққол фаворит саналса-да, у иштирокидаги жанглар ҳар доим қизиқарли бўлган. Шундай экан, бу жангни кўриш учун вақт йўқотганингизга ачинмайсиз.
10 декабрь (АҚШ, Нью-Йорк)
Теофимо Лопес (АҚШ, 17-1,13 КО) - Хосе Педраса (28-3-1,13 КО)
Супер енгил вазн (63,5 кг) тоифасида ташкил этилувчи жанг Василий Ломаченкони мағлуб этиб, катта шов-шувга сабаб бўлган ва Жорж Камбососга мағлуб бўлиб, барчани ҳайратда қолдирган, Теофимо Лопес иштирокида бўлади. Енгил вазн тоифасидан битта юқорига кўтарилган Лопес Пуэрто-Рико вакили "Снайпер" номи билан машҳур Хосе Педрасага қарши рингга кўтарилади. Назаримизда бу тўқнашув ҳам жуда шиддатли тарзда ўтади. Ушбу баҳсни ҳам ўтказиб юбормасликни тавсия қиламиз!
13 декабрь (Япония, Токио)
Наоя Иноуэ (Япония, 23-0,20 КО) - Пол Батлер (Буюк Британия,17-1, 8 КО)
53,5 кг вазн тоифасида мутлақ чемпионлик камари (WBC, WBA,WBO, IBF) учун ташкил этиладиган ушбу тўқнашув ҳам томоша қилишга арзигулик баҳс бўлади, деб бемалол айта оламиз. Зеро, япониялик "Монстр" иштирокидаги ҳар бир жанг чиройли тарзда бўлиб ўтади. Албатта, бу жангда яққол фаворит бор ва у Иноуэ! Аммо, юқоридаги фикр боксда ҳар қандай ҳолатлар учраб туради. Шундай экан мазкур жанг қандай якунланишини 13 декабрь куни билибю оламиз!
Хуллас, бу ҳозирга қадар, маълум бўлиб улгурган жанглар. Воқеалар ривожи ўзгариб, яна супер жанглар снаси йил якунига қадар белгиланиши мумкин. Бу борада эса, албатта Sports.uz сайти орқали бохабар қилиб борамиз!
Манба: sports.uz