Март Пум тарихи ва...


дата 15 Июнь 2017 11:57 Посмотреть комментарии 0 Просмотров 204

Инглизлар уни Поом деб эмас, Пум деб чақиришларига Март чидаши мумкин эди,аммо миллати масаласига келганда бир нарсани эътиборда
тутишларини сўрарди:
 
 

 

«Англияда кўпчилик Эстонияни Россиянинг бир бўлаги деб билади, бироқ бундай эмас. Илтимос, кичкинагина давлатимизни ҳурмат қилинг. Руслар орасида дўтларим анчагина, лекин мени рус деб атаманг - мен эстонияликман».
1999 йилнинг декабридаги интервьюсида Поом бу масалада яна қуйидагиларни қўшимча қилганди:
- Агар вақт машинангиз бўлганида нима қилган бўлардингиз?
- 40-йиллар бошларига қайтган ва Эстония оккупация қилинишининг олдини олардим.
- Ким билан лифтда ёлғиз қолишни истамасдингиз?
- Иосиф Сталин билан. У ўз халқини қатлиом қилди, бутун оилаларни лагерларга юборди. Бобом ҳам Сибирга сургун қилинганди, бахтимизга омон қолди.
Март февралда туғилди. 1972 йилнинг 3 февралида - Саппородаги қишки Олимпиада очилган санада.
Мартнинг отаси Эстония Фанлар Академияси Кимё институтида ишлар, ўғлининг спортга қизиқишлари орасидан фақатгина шахматни маъқулларди - шунда ҳам фақат хобби сифатида.
1989 йилнинг қишида Поом ёшлар жамоаси билан Далласдаги турнирга йўл олди. Балтиморда тўхтаб ўтишганида эса америкалик эстонлар унга АҚШда қолишни таклиф қилишди, бирок Март буни хаёлига ҳам келтирмаганди. Кейинчалик уни Таллиннинг «Спорт» клуби ўз сафига олди, сўнг Сочидаги йиғин ва собиқ иттифоқнинг 2-лигаси. Қанақанги Америка, қанақанги иммиграция тўғрисида гап бўлиши мумкин? Бунинг устига, «Спорт»ни бош-қарган Валерий Овчинников ўрнига Роман Убакиви - Поомга болалигидан устозлик қилган мураббий келганди. Март мавсумни захирадан бошлади, лекин асосий посбон Олег Андреев жиддий жароҳат олганидан сўнг, «Кадриорг» стадионида ўз дебютини ўтказди - Витебскнинг КИМ жамоасига қарши (Модалар индустрияси классикаси).
Поом хатоларга йўл қўяр, бироқ дарвозабонлигича қоларди, боиси уни алмаштирадиган одамнинг ўзи йўқ эди - елкадаги оғриқ Андреевни ҳануз тарк этмаганди. Март ўз хатоларини кундалигига ёзиб борар, уларни тўғрилашга интиларди. Октябрда «Гомсельмаш»га қарши баҳсда пенальтини қайтарди. Сентябрда бўлса, «Спорт» билан Финляндияда ўтказилган ўртоқлик учрашувларига борди. Мазкур турне давомида «Спорт»нинг 2 ўйинчиси - Ристо ва Тоомас Калласте Швецияга қочиб кетишди ва шу боис капиталистик давлатларга сафар тўғрисида унутишга тўғри келди - келгуси мавсум ҳозирлиги Ленинград ва Болгарияда ўтди, 1990 йил баҳорида эса энди собиқ иттифоқнинг 2-лигасида эмас, янги ташкил қилинган Болтиқ лигасида ўйнашлари маълум бўлди.
Май охирларида Поом Шяуляга қарши ўйинни елкасидан олган жароҳат туфайли ўтказиб юборди, яна 3 ҳафтадан сўнг эса велосипеддан йиқилди, августда чап оёғини қайириб олди, сентябрда ўнг оёғи тиззасидан жароҳат олди, аммо барча кўнгилсизликларга қарамай, Болтиқ лигасида ўйнашда давом этди - шу орқалигина ўсишга эришиши мумкинлигини англарди. Ўша пайтларга келиб кўпчилик тенгдошлари футболни ташлаган, «Спорт» ҳам тарқаб кетганди, лекин Поом қайсарларча тўп ортидан югуришда давом этарди.
1991 йил январида мураббий Роман Убакиви Поомни финларнинг «Куопио»сига кастинг қилди. Март тиззасидаги жароҳатлар билан машғулотларда қатнашса-да, янги жамоага мос келди. Натижада, Таллин университетидан академик таътил олди ва Финляндияга кўчиб ўтди, бироқ «Куопио» биринчиликни усиз бошлади. Биринчидан, Март тиззасидаги оғриқларни бошқа яширолмасди - даволатишга тўғри келди. Иккинчидан эса, Москвадан рухсат келавермасди. Апрелда Поом Таллинга қайтди ва «Флора»га қўшилди, бу ерда тиззасидаги оғриқ боис танасининг юқори қисминигина шуғуллантирди. Ва, ниҳоят, Москвадан хушхабар келди, аммо Поом сафар олдидан «Флора» сафида Коплининг «Динамо»сига қарши майдонга тушмоқчи бўлди. Баҳс якунланишига 15 дақиқа қолганида эса, жағини синдириб олган Мартни тез ёрдам машинаси касалхонага олиб кетди. У на овқатлана ва на гапира оларди. Фақатгина шифокорнинг гапларини тингларди: «Тўрт ҳафта давомида трубка орқали овқатланилсин. Кунига 7 марта оғиз чайқалиши керак».
Орадан 2 кун ўтгач, Поом енгил машғулотлар ўтказишга рухсат олди, бироқ бир ҳафтадан кейин боши оғриб қолди, иситмаси кўтарилди, уйқусизлик касаллигига чалинди ва 15 кунда 4 кг. йўқотди. Июль бошларида жағи тузала бошлагач, тиззасида ҳам муаммо борлиги маълум бўлди - менискни олиб ташлаш лозим, аммо жарроҳ таътилдалиги боис кутишга тўғри келади. Бир ой касалхонада тўлғониб чиққан Поом фақат августга борибгина тиклана бошлади ва оз бўлсада пул топиш мақсадида форелларни тозалаш билан машғул бўлди. Эстония мустақиллиги тан олингач, Март «Аякс» мураббийи Франс Хукнинг дарвозабонлар ўқувига шамолдай учди.
Бир йил ўтар-ўтмас, Поом «Куопио»даги илк расмий учрашувда Эстония термаси таркибида майдонга чиқди. Эстония ўзининг иккинчи расмий баҳсини Мартнинг айби билан ўтказиб юборди. У янги қоидаги кўра, ўз футболчиси узатган тўпни қўлга олиш мумкин эмаслигини унутиб қўйди ва оқибатда, дарвозасига эркин тўп белгиланди. Бир неча ойлардан сўнг, «Куопио» олий лигадан тушиб кетди, бюджетини қисқартирди ва Март Таллинга Финляндиядан 2 минг маркага сотиб олган биринчи машина - эскироқ «Седан»да қайтди.
1993 йилнинг кузида Поомни Лиссабоннинг «Да Луж» ўйингоҳида чақа тангалар билан «сийлашди». Португалияга ЖЧ-1994 саралаш гуруҳи доирасида Эстонияга қарши учрашувда Швейцарияни қувиб ўтиш учун рақиблар дарвозасига камида 4та гол уриш талаб қилинарди. Ўйиннинг сотилишидан хавотирга тушган кўплаб швейцариялик журналистлар Португалияга келишди. Улар ҳамма ерда эстонияликларни кузатиб боришар ва хавотир уйғотган барча нарсани тасвирга туширишга интилишарди (масалан, уларни Лиссабон меҳмонхоналарида қанчалик қучоқ очиб кутиб олишганини). Поом ўша баҳсда 3 тўп ўтказиб юборди ва улар тушган автобус апельсинлар билан сийланди. Португалия термаси эса ЖЧ—94га боролмади, терма бош мураббийи Кейруш ишдан бўшатилди, ўйиндан қайтган эстон футболчиларини эса меҳмонхона хизматчилари ов-қатлантиришдан бош тортишди. Икки ойдан сўнг, Поом Швейцариянинг «Виль» клубига - ярим профессионал жамоага қўшилди - Мартга яхши маош ваъда қилинган, аммо машғулотларга шароит яратиш борасида келишилмаганди. Кунига бир марта шуғулланиш Мартга камлик қилар, шунинг учун у клубдан «Грассхоппер» ва «Базель» дарвозабонлари мураббийлари билан мастер-классларни ҳисоб-китоб қилишга келишганди.
1994 йил ёзида агент Жер Андерсон Поомни «Портсмут»га - Англия 2-лигасидан макон топган клубга «жойлаб қўйди». Биринчи машғулотда Март ҳаммадан ҳам тез югурди ва бу билан бошқа ўйинчиларни лол қолдирди: «Сен ахир дарвозабон бўлсанг, нега бунчалик шошмасанг?» Поомни ҳайратлантиргани эса, сафар учрашувларидан сўнг «Портсмут» автобусида 2 яшик қизил вино олиб келингани,  мураббий Жим Смит учун эса 2 шиша қизил вино ва сигаралар келтирилгани бўлди. 1994 йил кузида терманинг Италияга қарши баҳсида Поом яна тиззасини жароҳатлаб олди. Таллиндаги шифохонада олиб борилган даволашда эса жароҳатга инфекция тушиши оқибатида тизза шишиб кетди ва 10 кундан кейин Портсмутда тиззадаги йирингни олиб ташлашга тўғри келди. Фақатгина 5 ойдан сўнг, Салернода Италияга қарши ўтказилган жавоб учрашувидагина Поом майдонга қайтди. Эстония 1:4 ҳисобида мағлуб бўлди. Ўйиндан сўнг Поом отаси вафот этгани тўғрисида эшитди.
Тиззадаги муаммолар сабаб Поом «Портсмут» учун кам ўйнади. 1995 йил декабрида унга Англияда ишлаш ҳуқуқини берувчи рухсатнома муддати узайтирилмади. Посбон Таллиндан учиб келганида Хитроу аэропортида ушлаб қолинди, жомадонидаги қайчилар хавфли қурол деб топилди ва 2 соат давом этган сўроқдан сўнг, фақатгина «Портсмут» офисидан бўлган қўнғироқдан кейин қўйиб юборилди: «Ҳа, у футболчи, биз билан шартномаси бор, унинг учун 200 минг фунт тўлаганмиз». Шартнома ўз йўлига, аммо Англияда ишлаш учун рухсатномаси бўлмаган Поом Таллиннинг «Флора»сига қайтишга мажбур эди, аммо мураббий Жим Смит уни эсдан чиқармади ва бир йилдан сўнг Поомни янги жамоаси - «Дерби Каунти»га чорлади.
1999 йил январда Поом «Суонси»га қарши кубок ўйинида дарвозаси даҳлсизлигини сақлаб қолди - фақат кийим алмаштириш хонасидагина у 80 дақиқа синган панжа билан ўйнаганини билди. Шунга қарамай, Поом узоқ дам ололмади - Эстония ҳали Евроиттифоққа аъзо бўлмаган ва ўша давр қоидаларига кўра, у ишлаш ҳуқуқини берувчи рухсатномани узайтириш учун мавсумнинг 75 фоиз учрашувларини ўтказиши шарт эди. Март тезда сафга қайтди, аммо унинг даволаниши даврида «Дерби» ўзгарганди. Иккинчи мураббий Стив Макларен «МЮ»га Фергюсоннинг олдига кетган, кейинроқ 2 етакчи - Ванчоп ва  Штимац «Вест Хэм»га сотиб юборилганди. Оқибатда, кейинги 2 мавсумни 8-9-ўринларда якунлаган жамоа бир амаллаб лигадаги ўрнини сақлаб қолди. Шунга қарамай, «Дерби»нинг 62 фоиз мухлислари Поомни мавсумнинг энг яхши ўйинчиси деб топишди. Бир ярим ойдан кейин, у Таллинда ўтказилган хайрия баҳсида майдонга тушди ва мия чайқалиши ҳамда бошқа бир талай ўта оғир жароҳатлар олди.
Бу ҳақда эшитган мураббий Жим Смит Поомни жаримага тортишини айтди, аммо жаҳлидан тушгач, агар у мавсум давомида кетма-кет 4 учрашувда тўп утказиб юбормаса, жаримани бекор қилишини қўшиб қўйди. «Дерби» яна сўнгги ўринларда «осилиб» турарди, аммо Март чемпионат ва кубок ўйинларининг 10тасида дарвозаси «қуруқ»лигини сақлай билди. «Қуруқ» ўйинлар кетма-кетлигига эса ноябрда эришди. Лигадан учиб кетмасликка нигериялик Тарибо Уэст - «Милан»дан олинган футболчи ҳам муносиб улуш қўшганди.
АПЛдаги ўринни сақлаб қолиш учун бўлган «МЮ»га қарши ҳал қилувчи учрашувда эса Поом илк бор сардор сифатида майдонга тушди. Ўйиндан сўнг, «МЮ» Март учун 2,4 миллион фунт таклиф қилди, бироқ «Дерби» рад жавобини берди. 2001 йил ёзида эса яна бир нохушлик. Машғулот пайтида «Дерби» ярим ҳимоячиси Кинкладзе Мартнинг қўллари бармоқларини жароҳатлади. Март даволанди, лекин иккинчи тур доирасида «Ипсвич»га қарши учрашувда яна ўз ҳимоячиси Данни Хиггинботам билан тўқнашиб кетиб, 2 ойга сафдан чиқди.  Бу даврга келиб «Дерби» молиявий инқирозга юз тутди, 7 ўйинда 3 очколик бўлди, Жим Смитни - Поомни дунёдаги энг яхши дарвозабон деб билган ва уни «МЮ»га қўйиб юбормаган мураббийни ишдан бўшатди.
«Дерби» «қулади», ўйинчиларнинг маоши 20 фоизга камайди, Поомни «Эвертон»га сотувини эса янги мураббий Жон Грегори истамади: «Дерби»нинг 15 минг томошабини мавсум патталарини сотиб олишди ва улар дарвозада Мартни кўришни исташади. Энг яхши ўйинчиларни сотиш орқали биз АПЛга қайтмаслигимиз аниқ». Маошлар эса фақатгина камайтирилибгина қолмай, вақтида берилмасди. Аммо Дербидаги кафе ва ресторанларда ҳамон Мартдан пул олишни исташмасди. Мавсум ўрталарига бориб инқироздан қочиб-қутулишнинг имкони қолмади - натижада, Поом «Сандерленд»га сотиб юборилди. Шу тариқа, Март АПЛнинг 21-асрдаги энг ёмон клубига тушиб қолди. 
Мавсумнинг 9-турида Поом «Сандерленд» таркибида «Дерби Каунти» стадиони очилишига келди. Маҳаллий фанатлар эса уни аввалгидай олқишлаб кутиб олишди: «Пу-у-у-у-у-м!!!» ва ҳатто 90-дақиқада Ян Тэйлор томонидан берилган зарбани қайтаролмаганида ҳам уни қўллашди: 1:0 «Дерби» фойдасига. Ҳакам Питер Уолтон ўйинга 3 дақиқа қўшиб берди. Унинг сўнггисида эса «Дерби» дарвозасига бурчак тўпи белгиланди. Поом мураббийи Мик Маккартига қаради, у эса «Югур», деб буюрди.
Март форвард, ҳеч бўлмаса ҳимоячи бўлганида ҳам, балки бундай вазиятлар учун ўз сценарийсини ҳозирлаб қўйган бўлармиди. У эса қўлларини икки ёнга чўзганича нима қилиб қўйганини англаб ҳам етмаган ҳолда ўз дарвозаси томон ошиқди. Бир неча сониялардан сўнг финал ҳуштаги янгради. Шокдан бир амаллаб ўзларига келган «Дерби» мухлислари эса яна Поомни олқишлай бошлашди, у ҳам ўз ҳурматини билдирди. Ўтган мавсумда улар хайрлашишга улгуришмаганди - майли, шунисига ҳам раҳмат. Премьер-лигани шарҳлаб борувчи Match of the Day дастури ўша куни ўз анъанасига зид равишда 2-лига учрашувидан кўриниш намойиш қилди: Поомнинг собиқ жамоаси дарвозасига йўллаган тўпини.
2004 йил майида «Сандерленд» АПЛга қайтиш учун бўлган «Кристал Пэлас»га қарши ўйинни ҳакам айби билан ютқазиб қўйди - голдан аввал Поомга нисбатан ишлатилган фолни ҳакам сезмай қолди, августда эса Поомнинг саломатлиги ёмонлашди.  «Сандерленд» АПЛга қайтганини нишонлади, Поом бўлса Таллинга қайтди ва бир куни тонгда ўрнидан туролмай қолди. Тизза гандбол тўпидай шишиб кетганди: инфекция. 7 ойдаги 3-операция. «Сандерленд» шифокорлари ундан карьерасига нуқта қўйишини қатъий талаб қилишди. Поомга заҳира ҳам топилди - Кевин Дэвис («Ипсвич»дан). Тиззадаги жароҳат битгач Поом келишув узайтирилмаганлигини эшитди.
Август охирларида агент Жер Андерсон «Арсенал» дарвозабонларидан бири бўлган Альмуниянинг бармоғи жароҳатланганлигини билиб қолди, иккинчи посбон - Йенс Леманн эса Чемпионлар Лигасида дисквалификация қилинган экан. Венгер Мартни бутун мавсумга ижарага олмоқчи эмиш. «Арсенал»га таклиф посбон учун эртакдай гап эди, бироқ физиотерапевт Гари Левин Мартни бугунга қайтарди: «Сен фақат 2 ҳафтадан сўнг шуғулланишинг мумкин». - «У ҳолда келишувни бекор қиламиз», - деди Венгер. Поом кетишга чоғланганида «Арсенала» вице-президенти Дэвид Дин ўз таклифини билдирди: «Агар «Сандерленд» сентябрь охиригача маош тўласа, биз сени оламиз».
2006 йилнинг 8 ноябрида Альмуния «Эвертон»га қарши кубок ўйини доирасидаги учрашув биринчи бўлимида жароҳат олди ва танаффусда Венгернинг ёрдамчиси Пэт Райс Поомга тайёр туришни буюрди. 15 дақиқалик тайёрланиш чоғида Мартнинг хаёлидан нималар ўтмади дейсиз: Тбилисида Качалин билан ўйнаган шахмат баҳси, Ужгород  поезди полкасидан қулаш, Гомелдаги қайтарилган пенальти... Олдинда эса уни Лондоннинг «Арсенал» клуби сафидаги биринчи ўйин кутиб турибди. Поом ўшанда ҳам, «Портсмут»га қарши сўнгги учрашувида ҳам дарвозаси даҳлсизлигини сақлаб қолди. «Арсенал» асосий таркибида камдан-кам ҳолларда майдонга тушди, бироқ бирорта ҳам гол ўтказиб юбормади. «Катта истеъдодимга таяна олмайман, чунки у менда йўқ», дейдиган дарвозабон учун ёмон натижа эмас.
И.МУРОДОВ тайёрлади.

Калит сўзлар: ТАРИХИ, ПООМ, МАРТ

Мавзуга оид янгиликлар:

Нет комментариев. Ваш будет первым!

Хабарлар архиви
 
Ноябрь, 2017
 
Пн
Вт
Ср
Чт
Пт
Сб
Вс
  12345
6789101112
13141516171819
20212223242526
27282930   
ТУРНИРлар ЖАДВАЛИ
ЖамоаЎЮMДТ-НО
1 Пахтакор 24 19 2 3 48-19 60
2 Локомотив 24 18 2 4 52-17 58
3 Насаф 24 17 3 3 42-16 54
4 Нефтчи 24 15 4 3 35-21 48
5 Бунёдкор 24 15 5 2 31-17 47
6 Олмалиқ 24 11 6 5 44-38 38
7 Машъал 24 8 9 5 30-35 29
8 Металлург 24 8 5 5 36-30 29
9 Қизилқум 23 8 9 3 30-38 27
10 Навбаҳор 23 7 9 4 30-41 25
11 Қўқон-1912 23 7 9 2 22-37 23
12 Шўртан 23 6 7 7 32-40 25
13 Сўғдиёна 23 6 10 2 20-46 20
14 Динамо 23 5 10 3 21-35 18
15 Андижон 23 5 8 3 21-42 18
16 Бухоро 23 4 8 4 21-43 16
Кун фотоси
Тавсия киламиз
Интервьюлар