Жанни Инфантино: «ЖЧда 48та жамоа – бу бошқача ғоя»


дата 15 Декабрь 2016 12:06 Посмотреть комментарии 0 Просмотров 794

ФИФА президенти Жанни Инфантино Конфедерациялар кубоги-2017га қуръа ташлаш маросими баҳонасида Қозон шаҳрига ташриф буюриши арафасида «ССФ» нашрига махсус интервью берди. Жаҳон футболини назорат қилувчи бош ташкилот раҳбари ўз сўзида Россия-2018 мундиали талаб даражасида ўтишига катта ишонч билдирди.

- Синьор Жанни, бирданига тўғридан-тўғри савол билан мурожаат этамиз: Швейцариянинг мўъжазгина Бриг шаҳарчасида туғилиб, шундай юксак парвозга қандай эришдингиз?
- Эсланг, вақтида буюк Гагарин ҳам шундай шиддатли парвозни амалга ошириб, фазога кўтарилганди-ку (кулади)! Мени доимо айнан нодир касб соҳиблари ҳайратга солишган. Хуллас, болалигимдаёқ ўзига хос «космонавт» бўлишга аҳд қилгандим. Жиддий гапирсам, ФИФА раҳбарлигига футболга нисбатан чексиз муҳаббатим, шу соҳага қандайдир манфаат келтириш йўлида тинмай тер тўкиш иштиёқи ва озгина омад туфайли эришдим. Умид қиламанки, энди жаҳон футболи равнақи, аниқроғи, барчамизга яхши бўлиши учун оз-моз ҳисса қўшаман.
- Қизиқ, сизда футболга меҳр-иштиёқ қандай юзага келганди?
- Ота-онам туфайли. Улар асли италиялик, лекин мен Швейцарияга кўчиб ўтганларидан кейин дунёга келганман. Отам «Интер»нинг ашаддий мухлиси эди ва ўзим ҳам вақтида шу жамоага тарафкашлик қилганман. Умуман, ҳаётдаги бугунги мавқем учун ота-онам олдида қарздорман.
- Конфедерациялар кубоги-2017 хусусида қандай фикрдасиз?
- Россия томони турнирни кўнгилдагидек ўтказишига шубҳа қилмайман. Қуръа ташлаш жараёни ҳам эсда қоларли даражада чиройли чиқишига ишончим комил. Айтганча, тадбирда Елена Исинбаевадек буюк спортчиларнинг иштирок этишлари мени қувонтиради.
- Россия терма жамоасининг бу мусобақадаги имкониятларини қандай баҳолайсиз?
- Жамоангиз Европа биринчилигида муваффақиятсиз қатнашди ва бош мураббийи ўзгарди. Билишимча, жамоа ҳозир ўтиш даврини бошдан кечирмоқда. Сизлар ишонч билдириб, қўллаб турсанглар, у ўзини тиклаб олади. Қолаверса, Россия термаси жорий йил ҳисобидан ўтказган сўнгги беллашувини ғалаба билан якунлади.
- ЖЧ-2018 учун мўлжалланган стадионлардан кўнглингиз тўқми?
- Нега энди бу масалада ташвишланишим керак?
- Гап шундаки, Санкт-Петербургда бунёд этилаётган янги стадион хусусида турли миш-мишлар урчимоқда...
- Ишончим комил, бу арена ҳам Конфедерациялар кубоги стартига қадар тўла тайёр бўлади. Албатта, Питердаги ишларнинг силлиқ кетмаётганидан хабардорман. Яъни айрим муаммолар бор. Аммо муҳими бу эмас. Асосийси - муаммоларни ўз вақтида бартараф этиш. Бу борада Россия томони етарли тажрибага эга. Сочи Олимпиадаси қандай муваффақиятли ўтган бўлса, ЖЧ-2018 ҳам энг яхши турнирлар қаторидан жой олади.
- Яхши, энди бевосита Россия футболи мавзусига қайтсак...
- Яқин ўтмишни назарда тутсак, Аршавинни алоҳида эътироф этаман. Ажойиб иқтидор соҳиби! Агар олисроққа назар солсак, Лобановский раҳбарлигида шаклланган собиқ иттифоқ терма жамоаси кучли таассурот қолдирганди. Бу жамоанинг Евро-88 ярим финалида Италия термасидек кучли рақибни қандай  тиз чўктиргани эсимда. Ундан аввалроқ эса Мексика мезбонлик қилган ЖЧда ёрқин ўйинлар кўрсатган, бироқ кутилмаганда, Бельгия термасидан ноҳақ мағлубиятни қабул қилиб олганди.
- Чунончи, ўша пайт «Видеогол» сингари тизимлар мавжуд эмасди-да.
- Ҳа, собиқ иттифоқ термаси ЖЧ-86да ҳакамлар хатоларидан азият чеккан  ва шу туфайли мусобақани барвақт тарк этишга мажбур бўлганди. Эндиликда VAR номли тизимни бутун дунёда синовдан ўтказмоқдамиз.
- Конфедерациялар кубогида ҳам мазкур тизимдан фойдаланиш кўзда тутилганми?
- Бу масала бафуржа муҳокамага муҳтож. Ҳозир ушбу тизим Конфедерациялар кубогида, кейинчалик ЖЧ-2018 турнирида ҳаётга татбиқ этилиши эҳтимолини инкор қилмайман.
- Лекин айни пайт кўплаб мутахассислар, жумладан, россияликлар ҳам бу янгиликка ишончсизлик билан қарамоқдалар. «Видеогол»нинг асосий устунлиги нимада, сизнингча?
- Очиғи, аввалига бу таклиф менга ҳам унчалик ёқмаганди. Лекин деярли барча футбол мамлакатларида бу йўналишда изланишлар олиб борилаётганини кўриб, «Видеогол»нинг фойдали эканлигига ишонч ҳосил қилдим. Асосийси - у ҳакамларга қарши эмас, балки уларнинг фойдасига ишлайди. Демоқчиманки, шу тизим орқали реферилар баъзи хатоликларга йўл қўйишдан ҳимояланадилар. Хуллас, бу ҳакамларга қўшимча ёрдамчи сифатида хизмат қилиши керак.
- Лекин ҳакамнинг қайси вазиятда «Видеогол» кўмагига мурожаат этиши масаласи тўла тушунарли эмас. Агар видеотизим амалда қўлланилса, ўйинларда узилиш ҳолатлари кўпайиб кетмайдими?
- Йўқ, ғояга кўра, жуда камдан-кам ҳолатлар, дейлик, ўйин тақдирини ҳал қилувчи лавҳалардагина «Видеогол»  воситасига мурожаат қилинади. Шунда ҳам рефери монитор қаршисида ўтирадиган ёрдамчиси билан боғланиб, баҳсли вазиятнинг аниқ ечимини аниқлаб беришини сўрайди. У эса зудлик билан тўғри жавобни айтади. Демакки, монитор қаршисида етарли тажрибага эга малакали мутахассис ўтириши шарт. Унинг нафақага чиққанлиги муҳим эмас. Тажрибалар шуни кўрсатмоқдаки, саноқли сониялар ичида шубҳали лавҳаларни таҳлил қилиб, тўғри қарорни аниқлаш мумкин. Шундай экан, бу тизим ўйинда узилишларга олиб келмайди. Лекин якуний қарор барибир, бош ҳакам томонидан чиқарилади. Хуллас, «Видеогол» унинг хатога йўл қўймаслиги йўлида ишлайди, холос.
- Сиз айтаётган тизим Голландия кубоги мусобақасида расман ҳаётга татбиқ этилди, Италия «А» серияси эса уни синовдан ўтказяпти. Мисол учун, «Скуадра адзурра»нинг Франция ва Германия термаларига қарши ўртоқлик учрашувларида ҳам тизимдан фойдаланилди. Сизда россиялик мутасаддиларга бу масалада айтадиган гапингиз йўқми?
- Ҳали шу мавзуни ҳам муҳокама қиламиз. Лекин янгиликни кимгадир мажбуран тавсия этмайман. Чунончи, бизнинг вазифамиз - илғор технологияларни татбиқ этишга чорлаш. Қолгани ҳар бир мамлакат футболи раҳбарларига боғлиқ.
- Энди яна бир ғоя хусусида: чиндан ҳам, ЖЧ иштирокчилари сонини 48тага оширишни истайсизми?
- Бошидаёқ гап нима ҳақида кетаётганини ҳамма бирдек тушунмаслигини ўйлагандим. Ғоя моҳиятини тўла-тўкис тушунмаганларнинг «Инфантино ақлдан озибди», деб ўйлашлари аниқ. Ахир шунча жамоага муносиб шаҳарлар, меҳмонхоналар ва етарли вақтни қандай топамиз? Лекин эътироз билдиришга шошилмасликни маслаҳат бераман. Чунки ғоя бўйича мутлақо бошқа нарсани назарда тутяпман.
- Шунақами? Жуда қизиқ-ку...
- Марҳамат, барчасини тушунтиришга ҳаракат қиламан. Биринчидан, ЖЧ форматини ўзгартириш масаласи ҳозир муҳокама жараёнида ва янгиликлар  ЖЧ-2026дан аввал юз бермайди. Иккинчидан, гап асосан ЖЧда қатнашадиган 32та жамоа ва шунга боғлиқ жиҳатлар хусусида кетмоқда. Йўлланмалар соҳиблари ноябрда, яъни мусобақа стартидан 8 ой олдин маълум бўлади. Шу 32та жамоаку орадаги 8 ойни мундиалга бўлган қизиқиш ва тайёргарлик билан ўтказади. Лекин қолганлар-чи? Мундиалга чиқолмаган жамоалар мухлислари бор аламларини футболчиларга сочадилар, мураббийлар ишсиз қолишади. Федерациялар вакиллари эса бу вақтда мусобақадан четда қолиш оқибатида кўрилган зарар миқдорини ҳисоблашдан бўшамайдилар. Айтингчи, шуларнинг барчасини ёқимли, самарали-ми? Хўш, бунинг ўрнига нимани таклиф этиш мумкин? Мана, битта вариант: 16та терма жамоа ноябрь ойида йўлланмаларга эга бўлади, яна 32таси ўзаро тўқнашув баҳсларига киришади. Лекин ноябрда эмас, ЖЧ стартга чиқишидан 1 ҳафтача аввал. Яъни ёзда. Ҳамма айтаётган 48та иштирокчи моҳияти шу. Демакки, финал босқичининг ўзида ҳозиргидек 32та жамоа ўйнайди. Менимча, янги формат футболга эътибор ва қизиқишни оширади, шунингдек, даромад ҳам кўпаяди.
- Лекин сиз айтаётган «плей-офф» баҳслари айрим грандларнинг мундиалдан четда қолишларига сабаб бўлиши мумкин-ку...
- Аввало, мазкур ўзига хос «плей-офф» беллашувлари мусобақага нисбатан қизиқишни оширади. Қолаверса, яқинда кузатилган воқеа саволингизга жавоб вазифасини ўтай олади. ЖЧ-2014 гуруҳ босқичида Англия ва Италия термаларини қайси жамоа мусобақадан чиқариб юборгани ёдингиздами? Баракалла, Коста-Рика термаси! Қаранг, бу жамоа инглизлар билан дурангга эришди ва итальянларни енгди! Шундай экан, айбни ўтиш баҳсларига ағдариш инсофдан эмас - йўлланма учун курашаётган рақибни енголмаган жамоадан мундиалга нима наф?! Ҳа, айтганча, иштирокчилар сонини 48тага оширсак, ФИФА аъзолари (жами 211та)дан 23 фоизининг ЖЧда қатнашишига замин яратамиз. Шу тариқа УЕФАнинг 55та аъзосидан 24таси, Жанубий Американинг барча 10та жамоаси ЖЧда тўп суриш имкониятини ҳосил қилади. Шундай экан, мусобақанинг нуфузига путур етиши ҳақидаги фикрлар асоссиз.
- Қишки трансферлар бозорини бекор қилиниши хусусида нима дея оласиз?
- Бу ҳам кенг муҳокамага муҳтож масала. Анчайин мураккаб, жиддий бош қотиришни талаб этадиган мавзу. Маълумки, мавсумнинг энг қизиган палласи амалга ошириладиган олди-сотдилар мусобақалар иштирокчиларининг имкониятларини кескин ўзгартириб юборади. Амалда чемпионатлар икки қисмга ажралиб қолади. Бу масаланинг бир томони. Иккинчидан, Европада қишки трансферлар дарчасидан ўзига хос халоскор сифатида фойдаланишга ўрганиб қолишган. Демак, дарчани ёпиб қўйиш тарафдорлари кўплаб тўсиқларга дуч келишлари тайин.
- Сўнгги савол: Конфедерациялар кубоги тез орада ўз ўрнини ФИФА тасарруфидаги ёзги Клублар ЖЧсига бўшатиб бериши мумкин экан. Бунга қандай қарайсиз?
- Шуни айтишим мумкинки, Қозонга Конфедерация кубогига қуръа ташлаш маросимини ўтказиш учун бораётган эканман, тадбирдан қониқиш олиш ниятидаман. Клублар ўртасидаги ЖЧ ғоясига келсак, бу турнир сайёрамизда катта қизиқиш уйғотиши мумкин. Масалан, Европа грандларининг Осиё ёки Америка бўйлаб уюштирадиган ёзги «гастрол»лари «аншлаг» шароитида ўтаётганини кўриб турибмиз. Демак, бундан янада унумлироқ фойдаланиш йўлларини ахтариш зарар қилмайди. Лекин ҳеч қачон шошма-шошарликка йўл қўймаслик керак.
Содиқ СОБИР тайёрлади

Манба: www.interfutbol.uz
Калит сўзлар: ғоя, та, Инфантино, ЖЧда, Жанни, жамоа, бу, бошқача

Мавзуга оид янгиликлар:

Нет комментариев. Ваш будет первым!

Хабарлар архиви
 
Ноябрь, 2017
 
Пн
Вт
Ср
Чт
Пт
Сб
Вс
  12345
6789101112
13141516171819
20212223242526
27282930   
ТУРНИРлар ЖАДВАЛИ
ЖамоаЎЮMДТ-НО
1 Пахтакор 24 19 2 3 48-19 60
2 Локомотив 24 18 2 4 52-17 58
3 Насаф 24 17 3 3 42-16 54
4 Нефтчи 24 15 4 3 35-21 48
5 Бунёдкор 24 15 5 2 31-17 47
6 Олмалиқ 24 11 6 5 44-38 38
7 Машъал 24 8 9 5 30-35 29
8 Металлург 24 8 5 5 36-30 29
9 Қизилқум 23 8 9 3 30-38 27
10 Навбаҳор 23 7 9 4 30-41 25
11 Қўқон-1912 23 7 9 2 22-37 23
12 Шўртан 23 6 7 7 32-40 25
13 Сўғдиёна 23 6 10 2 20-46 20
14 Динамо 23 5 10 3 21-35 18
15 Андижон 23 5 8 3 21-42 18
16 Бухоро 23 4 8 4 21-43 16
Кун фотоси
Тавсия киламиз
Интервьюлар