Қозоғистоннинг Астана шаҳрида бокс бўйича эркаклар ва аёллар ўртасида ташкил этилган “Elorda Cup” халқаро турнири якунланди.
Нуфузли мусобақада дунёнинг ўндан зиёд мамлакатидан 200 нафардан ортиқ чарм қўлқоп устаси ғолиблик учун рингга чиқди.
Турнирда юртимиз шарафини ўн тўрт нафар боксчи ҳимоя қилди.
Бу мусобақа ёзги Осиё ўйинларига тайёргарлик босқичи вазифасини ўтагани билан аҳамиятли бўлди.
13 вазн тоифасида ўтказилган финал учрашувларида орасида 71 килограммли боксчилар жанги кўпчиликнинг қизиқишини ўзига тортди.
Ўзбек ва қозоқ бокс мактаблари тарбияланувчислари Ҳавасбек Асадуллаев ва Ермахан Жакпеков ўртасидаги беллашувда олтин медаль тақдири ҳал этилди.
Ермахан финалгача бўлган жангларнинг бирида япониялик жаҳон чемпиони Севон Окадзавани мағлубиятга учратиб, сенсация кўтарган эди. Қозоғистонлик бокс мухлислари ўз ҳамюртларидан финалда ҳам ғалаба кутарди.
Бироқ, Ҳавасбек Асадуллаев сўнгги жангда ҳам юқори савияли боксчи эканини исботлади. Ҳамюртимиз рақибини ўз мухлислари кўз ўнгида 5:0 ҳисобида мағлубиятга учратиб, шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилди.
Оғирлиги 60 килограмм вазн тоифасидаги боксчилар финалида ҳам ҳамюртимиз Дилшод Абдумуродов мезбонлар вакили Бекнур Ожановга қарши рингга чиқди. Уч раунд давом этган тўқнашувда ўзбек боксчиси катта устунлик билан зафар қучди.
Ҳакамлар ҳисоб-китобига кўра, Абдумуродов рақиби Окжановни 5:0 ҳисобида енгиб, нуфузли турнир ғолибига айланди.
Турнирнинг энг кескин ва муросасиз жангларидан бири ўта оғир вазн тоифасида финалида кузатилди. Унда Жаҳонгир Зокиров Тошкентдаги жаҳон чемпионати иштирокчиларидан хитойлик Донобек Байғози билан тўқнаш келди.
Финал учрашувида ўзбек боксчини тўхтатиб бўлмади. Олтин медални қўлга киритган Зокиров бу вазнда дунёнинг энг кучли боксчисиларидан ҳисобланган Баҳодир Жалоловга муносиб издош етишиб чиқаётганини кўрсатди.
“Elorda Cup” турнирининг 80 килограмм вазн тоифасидаги беллашувлари финалида Жасурбек Йўлдошев хитойлик Тохтарбек Танатхан билан куч синашиши лозим эди. Бироқ, номаълум сабабга кўра, ҳамюртимиз ҳал қилувчи жангга чиқмади.
Мусобақа ташкилотчилари томонидан Танатхан Хитой жамоаси ҳисобига ягона олтин медальни тақжим этган бўлса, Жасурбек Йўлдошевга кумуш медаль топширилди.
Шунингдек, халқаро турнирда ярим финалгача мағлубиятсиз етиб келган, лекин финалга чиқолмаган икки боксчимиз – Асилбек Жалилов (51 кг) ва Тўрабек Ҳабибуллаев (80 кг) бронза медаль билан тақдирланди.
“Elorda Cup” халқаро турнирида учта олтин, битта кумуш ва иккита бронза медаль жамғарган Ўзбекистон боксчилари умумжамоа ҳисобига иккинчи ўринни эгаллади.