Хабар бериб ўтганимиздек, Минск шаҳрида бокс бўйича В.И.Ливинцев хотирасига бағишланган халқаро турнир ўтказилмоқда. Ҳозирча турнирда ярим финал беллашувлари якунланди.
Эътиборлиси, баҳсларда қатнашаётган 11 нафар боксчимизнинг 8 нафари мусобақа финалига йўл олди. Бу ҳақда Ўзбекистон бокс федерацияси матбуот хизмати хабар тарқатмоқда.
Қайд этиш лозимки, -67 кг вазн тоифасида финалда "ўзбекча дерби" бўлади. Асадхўжа Мўйдинхўжаев ва Бекзод Ҳамидов ўзаро ҳисоб-китоб қилади. Шунингдек, -80 кг вазнли Жасурбек Йўлдошев ярим финалда ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпиони ҳисобланган россиялик Васелий Каверинни мағлубиятга учратганини алоҳида эътироф этиш лозим.
Мусобақа финалига қуйидаги боксчиларимиз етиб келишди:
-48 кг: Нодиржон Мирзахмедов
-54 кг: Санжарбек Ваҳобов
-57 кг: Самандар Холмуродов
-60 кг: Дилшод Абдумуродов
-67 кг: Бекзод Ҳамидов
-67 кг: Асадхўжа Мўйдинхўжаев
-75 кг: Аълохон Абдуллаев
-80 кг: Жасурбек Йўлдошев.
Финал жанглари 26 ноябрь куни ўтказилади.
Манба: sports.uz