Баҳодир Жалолов (12-0, 12 КО) профессионал боксдаги навбатдаги жангини ўтказди. Калифорниянинг Карсон шаҳрида ташкиллаштирилган жангда унга америкалик Кёртис Ҳарпер (14-9, 9 КО) рақиб бўлди.
10 раунд давом этиши белгиланган жангнинг учинчи раундида Жалолов фаоллашди ва раунд сўнгида рақибини нокдаун ҳолатига туширди. 4-раундда ҳам Олимпия чемпиони ҳужумкорликни давом эттирди. Рефери яна бир нокдаун ҳолатидан кейин техник нокаут қайд этиб, жангни тўхтатди.
Шу тариқа, ўзбекистонлик боксчи профи боксдаги ғалабали сериясини 12 жангга етказди. У барча жангларида муддатидан олдин ғалаба қозонган.
Жалолов сўнгги жангини июн ойида ўтказиб, унда бельгиялик Жек Муловайни муддатидан аввал мағлуб этганди.