Аммо ютуқларнинг ҳаммаси бир кунда тугади. Спортдан бутунлай кетгани устига ногирон бўлиб қолган йигит халқ орасида ҳақиқий қаҳрамонга айланди.
Шаваршнинг тақдири ҳайратланарли. Бундан 46 йил муқаддам машҳурликнинг чўққисида бўлган спортчи бирданига, бир кунда спортдан бутунлай кетди. Албатта, кўпчилик спортчилар шундай қилишади, бунинг ҳеч ҳайрон бўладиган жойи йўқ. Аммо спортдаги натижалари билан бутун дунёни лол қолдираётган йигитнинг қисматида мардлик ҳақидаги алоҳида саҳифа бор.
1976 йилнинг 16 сентябри. Ереван кўчаларидан бирида қатновчи №15-троллейбус йўлдан чиқиб кетиб, сув тўла тўғонга ағанади. 92 нафар йўловчи қутига қамалиб, чўкиб кетди. Уларнинг барчасини жуда азобли ўлим кутарди, кўпчилиги шундай ўлди ҳам. Аммо сув остида сузиш бўйича бир неча марта чемпионликни қўлга киритган Шаварш Карапетян шу яқин атрофда укаси билан югуришни машқ қилаётган эди. У бир лаҳза ҳам ўйланмай ўзини муздек сувга отди...
Кейинчалик мутахассислар унинг ҳаракатларини таҳлил қилиб чиқади ва бирор киши бундай қаҳрамонликни қайтара олмаслигига амин бўлади. Унинг шу атрофда бўлганининг ўзиёқ катта мўъжиза эди. Шаварш ўн метрли сув остига шўнғийди, мутлақ қоронғилик ичида троллейбуснинг ойнасини уриб-тепиб синдиради. 20 дақиқа ичида у сувга ўттиз мартача шўнғиб, 20 кишини қутқариб қолади. Аслида қутқарилганлар сони анча кўп эди. Лекин уларнинг кўпчилиги ўлиб бўлган ёки сувдан чиқарилганига қарамай ҳаётини сақлаб қолишнинг иложи бўлмаганди.
Шаварш чўкканларни сувдан олиб чиқар ва укасига узатар, укаси уларни қайиққа олар ва қирғоққа етказиб берарди. Шу тарзда чўкканларнинг тенг ярми — 46 киши олиб чиқилди ва уларнинг фақат 20 нафаригина тирик қолди.
Чемпионни кузатиб турганлар унинг бадани совуқдан кўкариб кетгани, териси ойна синиқларидан тилиниб кетганини кўриб туришар, аммо бирортаси юрак ютиб унга ёрдам беролмасди. 20 дақиқа ичида унинг организми бутунлай ҳолдан тойди ва ўзи ҳам ёрдамга муҳтож ҳолга келди. Мудҳиш натижа кўп куттирмади: икки томонлама зотилжам, қоннинг умумий зарарланиши...
Шифокорлар 45 кун курашиб, унинг ҳаётини аранг сақлаб қолишди. Бир неча бор ўлим хавф солгани ҳам бор гап эди. Аммо матонатли йигитнинг организми бу касалликни енгиб ўтди. Бироқ энди катта спортга қайтиш тўғрисида гап ҳам бўлиши мумкин эмасди. Шунга қарамай, танасидаги чандиқлар ҳаракатини чеклашини енгиб, 400 метрга сузиш бўйича яна бир рекорд ўрнатди. Лекин кучли оғриқлар яна безовта қила бошлагач, спортни тарк этди.
Шу тарзда кечагина ўзининг оламшумул натижалари билан ҳаммани ҳайратда қолдираётган ёшгина йигит ногирон бўлиб қолди...
Кейинчалик ундан «Энг қийини ва қўрқинчлиси нима эди?» деб сўраганларида Шаварш шундай жавоб берган:
— Ҳар қанча тайёргарлик кўрганимга қарамай менинг кучим маълум марта шўнғишга етарди. Аммо ўша шўнғишлар ҳам тўла натижа бермади. Мен сув остидаги зулматда кимнинг ўлик ёки тириклигини аниқлай олмасдим. Деярли ҳамма ҳушдан кетиб бўлганди.
Рекорд натижалари билан дунёни лол қилган спортчи шу тарзда ўз фаолиятига нуқта қўйди. Лекин бунинг учун уни айблашга кимнинг тили боради?! Ахир айнан мана шундай қаҳрамонларни ёшларга ўрнак қилиб кўрсатиш, шундай йигит-қизларни тарбиялаш керак эмасми?! Бундай қаҳрамонлик унутилиши мумкинми?
Ҳозир Шаварш Карапетян Москвада яшайди ва тадбиркорлик билан шуғулланади. Унинг косиблик устахонаси, бир неча кафеси бор. У ўша кун ҳақида кўп эслагиси келмайди ва бир гапни кўп таъкидлайди:
– Шўнғишларимнинг бирида мен совуқ зулмат қаридан чармдан тикилган ёстиқни кўтариб чиққанман. Бир инсоннинг ҳаёти ўрнига жонсиз ёстиқ... Айтишларича, ўша куни мени шифохонага олиб бориб ёрдам кўрсатаётганларида ҳам шу ёстиқ ҳақида гапириб чиққан эканман. Бу шунчалар аламли эдики, ҳалигача тушларимга кириб чиқади ва мен ўзимни кечира олмайман!
Жамоатчилик Шаваршнинг қаҳрамонлиги ҳақида фақат орадан 6 йил ўтибгина хабар топади. У ҳақда газетада мақола эълон қилинади. Бу қадар сир тутилиш сабаби оддий эди – саноат мафкурасига кўра СССР троллейбуслари сувга ағанаши мумкин эмасди!
Аброр Зоҳидов тайёрлади, www.tribuna.uz